Жаҳон | 13:55 / 20.06.2024
2810
3 дақиқада ўқилади

Россия АҚШ билан маҳбусларни алмашиш эҳтимолига изоҳ берди

Москва АҚШдан маҳбуслар алмашинуви бўйича илгари билдирилган ғояларга жавоб кутмоқда, деди ТАСС агентлигига ташқи ишлар вазири ўринбосари Рябков. У Россия таклифларини мувозанатли деб атади.

Фото: пресс-служба судов города Москвы / Reuters

Россияда ҳибсга олинган америкалик журналист Эван Гершкович устидан суд жараёни бошланишидан бир неча кун олдин Россия Ташқи ишлар вазирлиги Вашингтон билан эҳтимолий маҳбуслар алмашинувига изоҳ берди. Айни дамда Москва Қўшма Штатлардан «тақдим этилган ғояларга жавоб кутмоқда», деди Россия ташқи ишлар вазири ўринбосари Сергей Рябков 19 июн, чоршанба куни чоп этилган ТАСС агентлигига берган интервюсида.

«Тўп АҚШ томонида», деб таъкидлади у. Рябковнинг сўзларига кўра, президент Жо Байден маъмурияти Россия таклифларидан «яхши хабардор». «Мен тушунаманки, бу ғояларда нимадир америкаликларга тўғри келмаса, бу уларнинг муаммолари. Биз ёндашувларимизни тўлиқ асосли, оқилона ва мувозанатли деб биламиз», - дея қўшимча қилди ташқи ишлар вазири ўринбосари. 

Рябков тафсилотларни ошкор қилиш ҳуқуқига эга эмаслигини билдириб, бошқа маълумот келтирмади. 

Гершкович ва Уиланнинг эҳтимолий алмашинуви

Жорий йилнинг феврал ойида Россия президенти Владимир Путин билан интервюда америкалик журналист Такер Карлсон унга Гершковични «яхши ният белгиси сифатида» озод қилишни таклиф этди, шунда Карлсон уни Қўшма Штатларга олиб кетиши мумкин бўларди. Бунга жавобан Путиннинг айтишича, Россия шунчалик кўп хайрихоҳлик кўрсатганки, у «барча лимитни тугатганга ўхшайди». Шунга қарамай, Путин Гершковични алмашиш вариантини рад этмади. 

The Wall Street Journal 2023 йил сентябрида Путин Россия махсус хизматлари ходими экани айтилаётган Вадим Красиковни озод қилишга шахсан буйруқ берганини ёзган эди. Красиков Германияда чечен бўлгинчиларининг собиқ дала қўмондони Зелимхон Ханқошвилини ўлдирганликда айбланиб, умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилинди.

Эван Гершкович иши 

The Wall Street Journal мухбири Эван Гершкович 2023 йилнинг 29 мартида Екатеринбургда қўлга олинган ва кейинчалик жосусликда айбланган. Россия Федерал хавфсизлик хизмати маълумотларига кўра, журналист «Америка томонининг кўрсатмаларига биноан Россия ҳарбий-саноат комплекси корхоналаридан бири фаолияти тўғрисида давлат сирини ташкил этувчи маълумотларни тўплаган». Гершковичнинг ўзи ҳам, нашр ҳам айбловларни рад этади. Оқ уй уларни «бемаъни» деб атади. 

Ғарбнинг йирик оммавий ахборот воситалари ва мустақил Россия нашрлари The Wall Street Journal журналистини озод қилишни бир неча бор талаб этган. АҚШ президенти Жо Байден ҳам журналистнинг қайтиши масаласи устида ишлашни давом эттиришга ваъда берди.

Гершкович устидан суд жараёни 26 июн куни Екатеринбургда бошланади ва ёпиқ эшиклар ортида ўтказилади. 32 ёшли америкалик 20 йилгача қамоқ жазосига ҳукм қилиниши мумкин. 

Мавзуга оид