Жаҳон | 09:34 / 24.06.2024
4491
5 дақиқада ўқилади

Bloomberg: Россияда урушдан кейинги жиноятчиликнинг кучайиши ЯИМни камайтиради

Нашрнинг ёзишича, Россия аҳолиси бир қисмининг жанговар ҳаракатларда иштирок этиши уруш давомийлигига қараб мамлакатга ЯИМнинг 0,6 фоизигача тушади. Россия Федерациясида зўравонлик характеридаги жиноятларнинг ортиши ҳозирданоқ кузатиляпти.

Фото: Yevgeny Yepanchintsev/TASS/dpa

Урушдан кейинги жиноятчиликнинг ўсиши Украинадаги ҳарбий ҳаракатлар давомийлигига қараб Россияга ялпи ички маҳсулот (ЯИМ) 0,2-0,6 фоизини ташкил қилиши мумкин. Бу ҳақда Bloomberg Economics иқтисодчиси Александр Исаков 22 июн куни маълум қилди. «Жиноятчилик даражаси уруш бошида пасайиб, ундан кейин кескин ошади. Россия бундан қутулиб қолиши даргумон. Урушдан кейинги жиноятлар оқибати ялпи ички маҳсулотнинг 0,2 фоизидан, агар уруш яна беш йил давом этса, ялпи ички маҳсулотнинг 0,6 фоизигача бўлиши мумкин ва у тахминан уч миллион россияликка тааллуқли бўлади», деди у.

Россия ҳукумати Украинага жанг қилиш учун шунчалик кўп одам юбордики, ҳужум бошланганидан кўп ўтмай мамлакатда жиноятчилик даражаси пасайди, деб ёзади Bloomberg. Энди уларнинг қайтиши жиноятлар тўлқинини келтириб чиқармоқда. Россия Федерацияси Олий суди маълумотларига кўра, ўтган йили ҳарбий хизматчилар томонидан содир этилган ва уруш билан боғлиқ бўлмаган жиноятлар сони 20 фоиздан кўпроққа ошган. 

Нашр Россия маълумотларига таяниб, уларга «Вагнер» ХҲК марҳум раҳбари Евгений Пригожин дастури бўйича қамоқдан озод қилинган ўн минглаб маҳкумлар содир этган жиноятлар кирмаслигини аниқлади. Фронтда олти ой бўлиб, омон қолганлар, одатда, Россия президенти Владимир Путин томонидан афв қилинади ва Россияга озод одамлар сифатида қайтади, деб ёзади Bloomberg. 

Собиқ маҳбуслар, ҳозир эса «уруш қаҳрамонлари» ўзларини «эркин» тутади

Россия Федерациясида жиноятларнинг ортиши аллақачон қайд этилган, деб ёзади Bloomberg. Гарчи умумий сон «ҳали ҳам паст» бўлиб, кўплаб қайтиб келган аскарлар қонунни бузмаса-да, Россияда зўравонлик, ўғирлик ва гиёҳванд моддалар билан боғлиқ жиноятлар кескин ошган. Эътиборлиси, бу статистик маълумотларга афв этилган маҳкумлар билан боғлиқ жиноятлар киритилмаган. 

Bloomberg таъкидлашича, қотилликлар ва жинсий жиноятлар, айниқса болаларга нисбатан ҳам ҳолатлар камаймаган. Хусусан, вояга етмаганларга нисбатан ножоиз ҳаракатлар урушдан олдинги даврга нисбатан 62 фоизга ошган. Умуман олганда, «Вагнер» аскарларининг ўз ватанларига қайтиши шаҳар ва қишлоқлардаги тинч аҳолини ҳайратда қолдирди: афв этилганлар орасида қасддан одам ўлдириш ва ҳатто каннибализмда айбланганлар ҳам бор. 

Украинанинг эгаллаб олинган ҳудудларида Россия армияси вакиллари мунтазам равишда ўз хизматдошлари ва қўлига тушган тинч аҳолини ўлдиради ва майиб қилади. «Новая газета Европа» нашрининг ёзишича, атиги 2023 йилда судларга «ДХР», «ЛХР» деб аталадиган ҳудудлар, шунингдек, Херсон ва Запорижжя вилоятлари ҳудудида ҳарбийлар томонидан содир этилган зўравонлик жиноятлари бўйича 190 та иш келиб тушган. Уларнинг 70 фоиздан ортиғи қотилликдир, дея қайд этади нашр. 

2023 йил натижалари: Россияда оғир жиноятлар сони 12 йил ичидаги рекорд даражага етди 

«Верстка» нашри келтирган Россия Федерацияси Ички ишлар вазирлиги маълумотларига кўра, 2023 йилда Россияда 589 мингдан ортиқ оғир ва ўта оғир жиноятлар содир этилган. Бу 2011 йилдан буён рекорд кўрсаткич бўлиб, ўшанда идора 608 мингта шундай жиноятни аниқлаган. 

Энг кўп оғир ва ўта оғир жиноятлар Москва (50 196), Москва вилояти (22 212) ва Краснодар ўлкасида (21 671) қайд этилган. Санкт-Петербург (20 489), Тюмен вилояти (17 581) ва Татаристонда (17 126) ҳам жиноятчиликнинг юқори даражаси қайд этилган. 

Украина билан чегарадош Белгород вилоятида оғир ва ўта оғир жиноятлар сони мисли кўрилмаган даражада ошган. Ўтган йили у ерда 5614 та жиноят аниқланган - 2022 йилга нисбатан 29 фоизга кўп. Бу статистик кузатувлар бошланган камида 2010 йилдан бери энг юқори кўрсаткичдир.

Зўравонлик кескин ўсиши уруш пайтида эмас, балки урушдан кейин юз беради 

АҚШ тадқиқотларига кўра, кўча ва полиция зўравонлигининг ортиши урушдан кейинги даврда содир бўлади. Ветнам урушида иштирок этган полициячилар тинчлик даврида ўқотар қуролдан кўпроқ фойдаланишган. 

В.М. Бехтерев номидаги Миллий психиатрия ва неврология илмий-тадқиқот маркази мутахассислари маълум қилишича, жанговар ҳаракатларда қатнашган ҳарбий хизматчилар орасида пост-травматик стресс бузилиши (ПТСБ) тарқалиши 3 фоиздан 11 фоизгача бўлган даражада кузатилади, деб ёзади «Коммерсант» газетаси. Яраланганлар орасида руҳий бузилишлар даражаси камида 30 фоиз ҳолларда ривожланади. ПТСБ белгилари - спиртли ичимликларни истеъмол қилиш, ғазаб ва импулсив хатти-ҳаракатлар - ўнлаб йиллардан кейин ҳам пайдо бўлиши мумкин. 

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид