Жаҳон | 12:04 / 29.06.2024
3272
3 дақиқада ўқилади

Германияда 15 ёшли ўсмир терактни режалаштиргани учун 4 йилга қамалди

Кёлн суди ўсмирни Леверкузендаги рождество бозорига ҳужум қилиш ниятида ва Германияда тақиқланган ИШИД белгиларидан фойдаланганликда айбдор деб топди. Ҳукм ҳали якуний тарзда кучга киргани йўқ.

Фото: AP

Кёлн ер суди Леверкузен шаҳридаги рождество бозорига ҳужум уюштиришни режалаштирган 15 ёшли ўсмирни 4 йилга озодликдан маҳрум қилди. Бу ҳақда epd агентлиги 28 июн, жума куни суд материалларига асосланиб хабар берди. Ҳукм ҳали якуний эмас, дея аниқлик киритмоқда агентлик.

Судда тақдим этилган далилларга кўра, ўсмир 2023 йилнинг кузида «радикаллашган» ва 16 ёшли шериги билан биргаликда Леверкузеннинг Опладен туманидаги рождество бозорида теракт уюштиришни мақсад қилган. Уларнинг режалари юк машинасини ижарага олиш эди, уни айбланувчи кўплаб одамларни ўлдириш учун ярмарка ҳайдамоқчи бўлган. Шериги жиноятни кейинчалик эълон қилиш учун суратга олиши керак эди, дея аниқлик киритди суд.

Потенциал террорчилар ҳужумдан кейин Германияни тарк этишни режалаштирган 

Ҳукм шунингдек, ёш йигитнинг Германияда тақиқланган ИШИД террорчилик гуруҳи тимсолларидан фойдалангани учун судланишини ҳам ўз ичига олади. Суд материалларига кўра, ўша даврда айбланувчи ижтимоий тармоқлардаги гуруҳлардан бирида ИШИД логотипи туширилган фонда яқинлашиб келаётган ҳужум ҳақида эълон қилган видеони жойлаштирган.

Ёпиқ эшиклар ортида ўтган асосий суд мажлисида муқаддам судланмаган айбланувчи ўз айбига тўлиқ иқрор бўлди. 15 ёшли ўсмир ҳозирда ҳибсда, деб хабар қилди суд. Унинг 16 ёшли шериги ҳам Бранденбург федерал ери ҳудудида ҳибсга олинган.

Прокурорларнинг айтишича, ҳар икки ўсмир ҳам ҳужумдан сўнг Германияни тарк этиб, Афғонистондаги ИШИД гуруҳи тармоғига қўшилишни режалаштирган.

Германияда йирик терактлар 

Германияда сўнгги йирик терактлардан бири 2016 йилнинг 19 декабрида содир бўлган эди. Тунислик Анис Амри бошқарган юк машинаси Берлин марказидаги Брайтшайдплацда рождество бозорида оломонга бориб урилган. Теракт оқибатида 12 киши ҳалок бўлди, 50 га яқин киши жароҳатланди. Биринчи қурбон полшалик ҳайдовчи Лукаш Урбан бўлди, террорчи уни юк машинасини олиб қочаётган пайтда ўлдирган. Амрининг ўзи кейинроқ Миланда полиция билан отишма пайтида ўлдирилган. 

RedaktionsNetzwerk Deutschland (RND) медиа-гуруҳи маълумотларига кўра, 2023 йил 7 декабрга қадар Германияда таҳдид келтириб чиқариши мумкин бўлган 486 нафар радикал аниқланган. Федерал жиноий идора Исроил ва ҲАМАС ташкилоти ўртасидаги можаронинг кучайиши баъзи радикаллар томонидан «ҳужумга ундаш» сифатида қабул қилиниши мумкинлигидан хавотирда. 2023 йил октябр ойидан бери айрим ёшлар кайфияти радикаллашган, дея қайд этади Германия расмийлари. 

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид