Жаҳон | 10:30
1010
3 дақиқада ўқилади

Киев Россияга қарши дрон ҳужумларини кучайтиришини маълум қилди

Украина президенти Володимир Зеленский Россияга босимни кучайтириш орқали уни урушни тўхтатишга ундаш мақсадида Хавфсизлик хизмати томонидан амалга ошириладиган 40 кунлик махсус операцияни тасдиқлади. Бу ҳақда давлат раҳбари ўзининг Telegram саҳифасида маълум қилди.

Фото: REUTERS

Зеленскийнинг хабар беришича, УХХ раҳбари вазифасини вақтинча бажарувчи Евгений Хмара унга амалга оширилаётган махсус операциялар, шунингдек, Россияга қарши «узоқ ва ўрта масофали санкциялар» деб аталувчи чоралар ҳамда УХХнинг «Алфа» махсус операциялар маркази фаолияти юзасидан ҳисобот тақдим этган.

Украина расмийлари «узоқ ва ўрта масофали санкциялар» деганда Россия ҳудудидаги ҳарбий ва энергетика объектларига, жумладан Украина чегарасидан узоқ жойлашган ҳудудлар ва Россия томонидан қўшиб олинган Қримдаги нишонларга дронлар орқали амалга оширилаётган зарбаларни назарда тутади.

Зеленскийнинг таъкидлашича, УХХ сўнгги бир неча ой давомида турли хил учувчисиз қурилмалардан самарали фойдаланиш орқали фронтда Украина позицияларини ҳимоя қилиш бўйича юқори натижаларга эришган.

Шунингдек, у УХХнинг «Алфа» махсус операциялар марказини Россия армиясининг тирик кучи ва ҳарбий техникасига энг кўп зарар етказган бўлинмалардан бири сифатида эътироф этган.

Россияни музокараларга ундаш мақсад қилинган

24 июн куни Зеленский Украина «Катта еттилик» (G7) давлатлари билан муҳокама қилинган зарур воситаларга эга бўлса, Россияни тинчликни танлашга мажбур қила олишини айтган эди. Бироқ у ҳамкорлар билан айнан қандай ёрдам масаласи муҳокама қилинганига аниқлик киритмаган.

Қрим ва Россия ҳудудидаги ҳужумлар кучаймоқда

Сўнгги вақтларда Украина Россия томонидан қўшиб олинган Қрим яримороли ҳамда Россиянинг айрим ҳудудларидаги ҳарбий ва энергетика инфратузилмасига дронлар орқали ҳужумларни кучайтирди.

25 июнга ўтар кечаси Украина дронлари Краснодар ўлкасининг Красноармейск туманида жойлашган «Полтавская» нефт базасига ҳужум қилди. Краснодар ўлкаси тезкор штаби маълумотига кўра, дрон бўлаклари тушиши оқибатида объектда ёнғин юзага келган.

Мазкур нефт базаси Краснодар ўлкасининг бир қисми ҳамда Адигея Республикасига ёнилғи етказиб беради.

Шу кечанинг ўзида бир қатор Telegram каналлари Қримда ҳам дрон ҳужумлари амалга оширилганини хабар қилди. «Крымский ветер» канали маълумотига кўра, Балаклава ва Таврия иссиқлик электр станциялари нишонга олинган, шунингдек, «Кача» ҳарбий аэродроми яқинида кучли портлаш содир бўлган.

Хабарларга кўра, Симферопол, Ялта ва Евпатория атрофида дрон ҳужумлари туфайли электр таъминотида қисқа муддатли узилишлар ҳам кузатилган.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид