Дунё харитасида Ўзбекистон номли давлат расман 1924 йил 27 октябрда пайдо бўлди. Шу куни Бухородаги Оқ уйда Файзулла Хўжаев янги Ўзбекистон Совет Социалистик Республикаси тузилганини эълон қилди. Хўш, амир Олимхон ҳокимиятига қарши чиққан, уч марта ўлимга ҳукм этилган, 13 йил Ўзбекистон ССР ҳукуматини бошқариб сўнг қатағонга учраган Файзулла Хўжаев ким эди? Kun.uz сиёсатчининг ҳаёт йўли ҳақида ҳикоя қилади.

Ўзбекистоннинг илк раҳбари Файзулла Хўжаев 1896 йилда Бухородаги йирик савдогар оиласида дунёга келади. Отаси – Убайдуллахўжа замонасининг ўзига тўқ кишиларидан бири бўлган. Замондошлари Убайдуллахўжани “Бухородаги энг йирик 4 та бойдан бири эди”, дея хотирлашган. Унинг Москвада хусусий савдо идораси бўлиб, Россиянинг ўзида ҳамда бир қанча бошқа хорижий бозорларда қоракўл тери, пахта билан кенг миқёсда савдо-сотиқ юргизган.

Файзулла Бухородаги мадрасалардан бирида икки йил таҳсил олгач, 1907 йилда отаси уни Москвага олиб кетади. У ерда 1907–1912 йилларда хусусий ўқитувчилар қўлида таълим олади, савдо ва замонавий илмларни ўрганади. Отасининг вафотидан кейин эса Бухорога қайтиб келади.

Файзулла Хўжаевнинг уй-музейида жойлашган ҳайкали. Фото: Маданий мерос агентлиги

Жадидчилар сафига қўшилиши

Бухоро амирлиги даврида ҳар қандай ислоҳот, ҳар қандай янгилик ва илғор ғоя жаҳолатга ботган айрим қатламларнинг қаттиқ қаршилигига учрар эди. Россияда таълим олиб, дунёқараши кенгайган Файзулла ота йўлини танламади. У ўша пайтдаги Бухоронинг аҳволини, мамлакатнинг тараққиётдан орқада қолаётганини сезади ва Бухоронинг аҳволини тузумни ўзгартириш билан яхшилаш мумкин деган фикрга келади.

Бухоронинг сўнги амири Саййид Олимхон

Файзулла Хўжаев 1913 йилда, 17 ёшида жадидчилик ҳаракатига қўшилади. Унда тараққийпарвар ғояларнинг шаклланишида Бухоронинг дастлабки маърифатпарварларидан бири Абдулвоҳид Бухоновнинг (Мунзим) сезиларли таъсири бўлган.

Жадидлар фарзандларимизни ўқитиб, маърифатга эришамиз ва жамиятни ўзгартирамиз деган ғоя билан “Ёш бухороликлар” партиясини ташкил этади ва Бухоро амирига қарши кураш бошлайди.