Бугун вафот этган укасини кўтариб олган япон бола сурати ижтимоий тармоқларда тез-тез учрайди. Хўш, бола ким ва сурат қачон тасвирга туширилган?

Маълум бўлишича, суратнинг номи “Крематорий олдида турган бола” (ёки “Крематорий олдида турган нагасакилик бола”) деб номланади. (Крематорий – ўликларни ёқиш йўли билан йўқ қилинадиган жой номи) Сурат америкаликлар Нагасакига атом бомбаси ташлагандан сўнг бир неча кун ўтиб туширилган.

Суратни АҚШ денгиз пиёда қўшинлари корпусида хизмат қилган Жо О'Доннелл олган. Бу шахс урушгача ва ундан кейин фотографлик қилган бўлиб, унинг фотосуратлари анча машҳур.

Японияга атом бомбасининг ташланиши

1945 йил 6 август куни АҚШнинг B-29 (Enola Gay) бомбардимончи самолёти (экипаж командири полковник Пол Тиббетс) Япониянинг Ҳиросима шаҳрига Little Boy (“Кичик бола”) деб аталган атом бомбасини ташлайди. Бу бомбанинг кучи 13–18 килотонна тротил эквивалентига тенг эди.

Орадан уч кун ўтиб, 9 август куни учувчи Чарльз Суини бошлиқ бўлган B-29 Bockscar бомбардимончи самолёти Fat Man (“Бақалоқ”) атом бомбасини Нагасаки шаҳрига ташлайди. Бу бомбанинг кучи 21 килотонна тротил эквивалентига тенг бўлган.

Атом бомба портлашидан сўнг Хиросима шу кўринишга келган. Шаҳарда биронта соғ бино қолмаган.
alamy.com

Ҳиросимага ташланган бомба ерга етмасдан 500 метр баландликда портлайди. Оқибатда ҳавода кучли овоз ва чақин содир бўлади ҳамда ундан ҳосил бўлган кучли иссиқ шамол ерга қараб йўналади ва бутун Ҳиросима олов ичида қолади.

Портлаш эпицентридан 2 километр радиусда бўлган одамлар ўша заҳоти куйиб кетади. Портлаш тўлқини эпицентрдан 19 километргача бўлган масофадаги ойналарни синдириб юборади. Портлаш пайтида унинг иссиғи етиб бормаган одамлар орадан бироз ўтиб ёнғинлар ва радиация тўлқини туфайли ҳалок бўлади.

Ўша пайтда Ҳиросимада 340 минг киши яшаган ва бомба портлаши оқибатида уларнинг 166 минг нафари ҳалок бўлган. Бошқа бир манбада атом бомба ташланиши пайтида Ҳиросимада 245 минг нафар аҳоли бўлгани ва улардан қарийб 200 минг нафари ҳалок бўлгани келтирилади.

Хиросимадан кичикроқ бўлган Нагасаки иккита кичик дарё водийсида жойлашган, шаҳарни кичик тоғ тизмаси иккига ажратиб туради. Нагасакида ҳам порт борлиги сабабли у Япония ҳарбийлари учун муҳим нуқта саналган.