Ўзбекистон | 21:00 / 11.07.2024
8412
6 дақиқада ўқилади

11 июлнинг асосий янгиликлари: Ўзбекистонда рўй берган муҳим воқеа ва ҳодисалар

Президентнинг Фарғона вилоятига ташрифи, “Бахти Ташкентский”га 20 йил сўраган прокурор, нотўғри қарорлари бекор бўлган жиззахлик ҳокимлар ва Учтепанинг янги ҳокими — ўтган кун давомида Kun.uz’да ёритилган Ўзбекистон янгиликлари билан таништирамиз.

Президентнинг Фарғонага ташрифи

Президент Шавкат Мирзиёев Фарғона вилоятига ташриф буюрди.

Мирзиёев Фарғона вилоятига ташрифи давомида инвесторлар билан учрашиб, вилоятда амалга оширилиши режалаштирилган янги лойиҳалар билан танишди.

Жумладан, Учкўприкда керамик плиталар ишлаб чиқаришни йўлга қўймоқчи. Саудияликлар эса Қувада иситиш ва совитиш тизимларининг эҳтиёт қисмларини ишлаб чиқариш ниятида.

Маълум қилинишича, сўнгги 7 йилда Фарғона вилоятига қарийб 77 трлн сўмлик инвестициялар жалб этилган. Уларнинг натижасида 116 мингта иш ўрни ва 4,5 млрд долларлик экспорт имконияти яратилган. Бу йил вилоятда 1,3 млрд долларлик мингдан ортиқ лойиҳа амалга оширилмоқда.

Вилоятда хорижий инвестор ва маҳаллий тадбиркорлар томонидан умумий қиймати 7 млрд доллардан зиёд 132 та лойиҳа шакллантирилган. Шундан 2,1 млрд долларлик 25 таси давлат раҳбарига тақдимот қилинди.

Германиянинг “Hyper Partners” компанияси Бешариқ туманида 500 MW қувватли қуёш электр станцияси қурмоқда. Станция 675 минг хонадоннинг бир йиллик истеъмолига тенг “яшил” энергия чиқаради. Ўзбекистон туманида эса Хитойнинг “Gezhouba Group” компанияси билан ҳамкорликда 150 MW қувватли илк электр энергиясини сақлаш тизими барпо этилади.

Президент Фарғонада янги электр станциялари ва биринчи йирик батарея тизими қурилишига старт берди.

Куни кеча қабул қилинган президент қарорига кўра, “Қўқон” эркин иқтисодий зонаси Қувасой шаҳри бўйлаб 210 гектарга кенгайтирилади. Унда қиймати 1 млрд долларлик 185 та лойиҳа жойлаштирилиб, 12 мингта иш ўрни яратилади. Бундан ташқари, Қўқон шаҳрида 230 гектар майдонда “Ўзбекистон – Хитой” махсус саноат зонаси ташкил этилади.

Бешариқ туманида Германиянинг “Hyper Partners” компанияси билан 500 мегаваттли қуёш электр станцияси қурилиши бошланмоқда. 350 миллион долларлик мазкур лойиҳанинг дастлабки 200 мегаватти шу йилнинг ўзида тармоққа уланиб, келгуси йилда тўлиқ ишга туширилади. Унда йилига 1 миллиард 600 миллион киловатт-соат ёки 675 минг хонадоннинг бир йиллик истеъмолига тенг “яшил” энергия ишлаб чиқарилади. Натижада 466 млн метр куб табиий газ тежалади.

Шавкат Мирзиёев рамзий тугмани босиб, битган корхоналар фаолиятини ва янги лойиҳалар қурилишини бошлаб берди.

Мирзиёев Қўқон аэропортига парвозларни кўпайтириш бўйича кўрсатмалар берди

Аэропортда 100 нафар йўловчига мўлжалланган янги терминал қурилган, учиш-қўниш йўлаги қопламаси таъмирланган. Замонавий аэронавигация ускуналари ўрнатилган. Бу ишлар натижасида аэропорт А 320-200 ва ATR 72-600 русумли самолётларни қабул қилиш имкониятига эга бўлди.

Шавкат Мирзиёев аэропорт халққа манфаат келтириши лозимлигини таъкидлади. Бунинг учун нарх ва хизматларни одамларга қулай қилиб, парвозларни кўпайтириш бўйича кўрсатмалар берди.

Дарвоқе, маҳаллий аэропортларга оид яна бир хабар: Термиз халқаро аэропортидаги реконструкция ишлари якунланди. Аэропортнинг аэродром мажмуасини қайта таъмирлашнинг учинчи босқичи якунланди. Охирги босқичда иккинчи ва асосий юриш йўлаклари участкаси ҳамда перронда 3 та самолёт учун турар жой ҳам барпо қилиниб, унга ёритиш мосламалари ўрнатилди.

Бахти Ташкентский” устидан суд

10 июл куни жиноят ишлари бўйича Юнусобод туман судида криминал оламда “Бахти Ташкентский” номи билан танилган Бахтиёр Қудратуллаев ва 36 нафар судланувчи устидан суд тергови якунланиб, музокара босқичига ўтилди.

Маълум бўлишича, судланувчи Бахтиёр Қудратуллаевга дастлабки тергов органи томонидан жиноят иши юзасидан 44 та эпизод бўйича айб эълон қилинган.

Прокурор музокара нутқида Б.Қудратуллаевни 20 йил озодликдан маҳрум қилиш жазосига ҳукм қилиш, шунингдек, уни ўта хавфли рецидивист, деб топишни сўраган.

Давлат айбловчиси санаб ўтган моддалар – жиноий уюшма ташкил этиш, товламачилик, қасддан баданга оғир шикаст етказиш, қасддан баданга енгил шикаст етказиш, гиёҳвандлик воситалари ёки психотроп моддаларга доир жиноятларни кўзда тутади.

Прокурор, шунингдек, судланувчи Б.Қудратуллаевнинг ўғиллари – Бекзод Зафаровга 11 йил, Ихтиёр Қудратуллаевга 12 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазосини тайинлашни сўраган.

Кейинги суд мажлисида адвокат ва судланувчилар тингланади. Суд 15 июлга қадар танаффус эълон қилди.

Жиззахда ҳокимларнинг қарорлари бекор бўлди

Жиззахда 10 та туман ҳокимининг рақобатга зид қарорлари бекор қилинди.

Рақобат қўмитасининг Жиззах вилояти ҳудудий бошқармаси томонидан 2024 йилнинг биринчи ярми мобайнида 10 та туман ҳокимлиги ва 9 та ташкилотда жами 38 925 та ҳужжат хатловдан ўтказилган. Шундан 124 та ҳужжат, яъни 78 та қарор, 32 та фармойиш ва 14 та чиқим хатларини қабул қилишда қонун талаблари бузилгани аниқланган.

Иш юритувга олинган 4 та ҳолат бўйича Ғаллаорол, Пахтакор, Зафаробод туман ҳокимликлари ҳамда вилоят Маданият бошқармасига иш қўзғатилган ва ҳудудий махсус комиссиянинг қарорига асосан кўрсатмалар юборилган.

Шунингдек, Зарбдор, Дўстлик, Арнасой, Мирзачўл, Янгиобод, Фориш ва Бахмал туманлари ҳокимликларига қонунбузилиш ҳолатларини тўхтатиш ва келгусида йўл қўймаслик юзасидан тақдимномалар киритилган.

Учтепа тумани ҳокими лавозимидан озод этилди

Тошкент шаҳри Учтепа тумани ҳокими Фарҳод Абдуллаев бошқа ишга ўтганлиги сабабли лавозимидан озод этилди. У 2019 йил май ойидан бери ушбу лавозимда ишлаб келаётганди.

Туман ҳокими вазифасини вақтинча бажариб туриш туман ҳокимининг биринчи ўринбосари Жамшид Алимжонов зиммасига юклатилган.

Маълумотларга кўра, Фарҳод Абдуллаев “Ўзбекистон технологик металлар комбинати” АЖ раиси этиб тайинланган. 

Мавзуга оид