Жаҳон | 10:04 / 15.07.2024
2703
4 дақиқада ўқилади

ЦАҲАЛ Хон-Юнусда ҲАМАС бригадаси қўмондонини йўқ қилди

ЦАҲАЛ ва ШАБАК қўшма баёнотида айтилишича, ҳалок бўлган Рафаа Салама ҲАМАСнинг Ғазо секторидаги ҳарбий қаноти қўмондони Муҳаммад Дейфнинг шерикларидан бири бўлган.

Фото: Leo Correa/AP/picture alliance

Исроил ҳарбий-ҳаво кучларининг 13 июл куни Ғазо сектори жанубига берган зарбаси натижасида Хон-Юнусда ҲАМАС бригадаси қўмондони Рафаа Салама ҳалок бўлди. Бу ҳақда Исроил мудофаа кучлари ва мамлакат Бош хавфсизлик хизмати (ШАБАК) 14 июл, якшанба куни берган қўшма баёнотида маълум қилди

Таъкидланишича, Салама ҲАМАС гуруҳи ҳарбий қаноти - «Иззаддин ал-Қассам» бригадалари қўмондони Муҳаммад Дейфнинг энг яқин шерикларидан бири бўлган. Унинг йўқ қилиниши «ҲАМАС ҳарбий салоҳиятини сезиларли даражада чеклайди», деб ҳисоблайди ЦАҲАЛ. 

ЦАҲАЛ Ғазо сектори жанубига зарба берди 

13 июл куни Исроил мудофаа кучлари Ғазо сектори жанубидаги ҳудудга зарба берди. У ерда, ЦАҲАЛ маълумотларига кўра, ҲАМАСнинг юқори мартабали вакиллари: Рафаа Салама ва Муҳаммад Дейф тинч аҳоли орасида яширинган. 

Исроилнинг The Times of Israel нашри зарба берилган ҳудудлар Исроил томонидан белгиланган Ғазо сектори аҳолиси учун гуманитар зонага киришини таъкидлади. Бироқ ЦАҲАЛ ҳужум фақат ҲАМАС объектига берилганини таъкидлади. Ўз навбатида, Ғазо сектори Соғлиқни сақлаш вазирлиги зарбалар натижасида камида 92 киши ҳалок бўлгани, яна 300 га яқин киши жароҳатланганини маълум қилди. Улар орасида қанча тинч аҳоли борлиги ҳақида маълумот берилмаган. 

Исроилнинг The Jerusalem Post нашрига кўра, маҳаллий хавфсизлик хизматлари Муҳаммад Дейф зарба пайтида туннелда эмас, ер устида бўлгани учун «катта эҳтимол билан» ўлдирилган, деб ҳисоблайди. Шу билан бирга, ҲАМАС сиёсий бюроси раҳбари ўринбосари Халил ал-Ҳайя Қатарнинг Al Jazeera нашри билан суҳбатда Дейф ҳужумдан омон қолганини айтди. Шанба куни кечқурун Исроил бош вазири Бинямин Нетаняҳу Тел-Авивдаги матбуот анжуманида унинг мамлакати Дейфни йўқ қилишга муваффақ бўлган-бўлмаганига ҳали амин эмаслигини айтди. 

Муҳаммад Дейф ким?

Муҳаммад Дейф (ҳақиқий исми Муҳаммад Диаб Иброҳим ал-Масрий) ҲАМАСнинг ҳарбий қаноти - «Иззаддин ал-Қассам» бригадалари қўмондони. У 1990-йилларнинг ўрталаридан бери Исроил томонидан қидирувда бўлган ва камида етти марта суиқасддан омон қолган. 

2023 йилнинг 7 октябр куни ҲАМАС жангчиларининг Исроилда ўтказган операцияси чоғида Дейф 10 дақиқалик мурожаатни эълон қилди, унда у фаластинликлар, исроиллик араблар ва қўшни давлатлар аҳолисини жангчилар ҳаракатларига қўшилишга чақирди. «Халқимизга қарши давом этаётган жиноятларни инобатга олган ҳолда, душман жавобгарликка тортилмасдан туриб, бундан буён завқлана олмаслигини тушуниши учун буларнинг барчасига чек қўйишга қарор қилдик», деди у. 

2024 йил 20 май куни Халқаро жиноий суд (ХЖС) прокурори Карим Хон Муҳаммад Дейф ва бошқа ҲАМАС етакчилари, шунингдек, Исроил бош вазири ва мудофаа вазирини ҳибсга олиш учун ордер беришни сўради. 

Исроил-Фаластин можароси

7 октябр куни эрталаб ҲАМАСнинг ҳарбий қаноти - «Иззаддин ал-Қассам бригадалари» Исроилга қарши «Ал-Ақсо тўфони» операцияси бошланганини эълон қилди. Ғазо секторидан Исроил томон минглаб ракеталар отилди, қуролли гуруҳлар Исроил аҳоли пунктларига кирди. 

ҲАМАСнинг билдиришича, операция босиб олинган Шарқий Қуддусдаги Ал-Ақсо масжидига бостириб кириш ва исроиллик муҳожирларнинг фаластинликларга нисбатан зўравонлиги кучайиб бораётганига жавобан амалга оширилган. Бунга жавобан Исроил армияси Ғазо секторида ҲАМАСга қарши ўнлаб қирувчи самолётлардан фойдаланган ҳолда «Темир қиличлар» операцияси бошланганини эълон қилди.

Исроил-Фаластин можароси авж олгандан бери 38 мингдан ортиқ фаластинлик ҳалок бўлди. Исроилда қурбонлар сони 1400 дан ошади. Ғазонинг 2,3 миллион аҳолиси Исроилнинг ҳаводан оммавий бомбардимон қилиши ва эксклавнинг тўлиқ блокадаси туфайли озиқ-овқат, сув ва дори-дармонлар танқислигидан азият чекмоқда.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид