Флорида суди Трампнинг махфий ҳужжатлар бўйича ишини ёпди
Доналд Трампнинг ҳужжатларни ноқонуний сақлаш бўйича иши ундаги махсус прокурор ноқонуний тайинлангани сабабли ёпилди, дейилади суд қарорида.
Флорида штати суди АҚШ собиқ президенти Доналд Трампга нисбатан махфий ҳужжатларни ноқонуний сақлаш бўйича ишни ёпди, деб хабар берди Американинг CNN телеканали 15 июл, душанба куни. Судя Эйлин Кэннон фикрича, махсус прокурор Жек Смитни Трампни тергов қилиш учун тайинлаш ва ишини молиялаштириш ноқонуний бўлган.
2022 йил ноябрь ойида АҚШ Адлия вазирлиги мамлакат собиқ президенти устидан жиноий терговни назорат қилиш учун мустақил прокурорни тайинлади. АҚШ бош прокурори Меррик Гарланд Вашингтондаги матбуот анжуманида бу лавозимни илгари Ҳаагада бош прокурор бўлиб ишлаган ва Косоводаги уруш жиноятларини тергов қилган Жек Смит эгаллашини маълум қилди.
Суд Смитнинг тайинланишини конституцияга зид деб топди
Эйлин Кэннон қарорига кўра, Смит президент томонидан кўрсатилмаган ва унинг номзоди АҚШ Сенати томонидан тасдиқланмаган. Шунга кўра, унинг тайинланиши АҚШ Конституциясига зиддир, дейилади суд қарорида. Кэннонни судялик лавозимига Трампнинг ўзи 2020 йилда, президент бўлган вақтда таклиф қилган эди.
Аввалроқ Трампнинг ҳимояси Жек Смитга тергов ўтказиш топшириғини ноқонуний деб эълон қилишни сўраган эди. Суд қарорини шарҳлар экан, АҚШ собиқ президенти ўзининг Truth Social ижтимоий тармоғида Флоридада унга қўйилган «ноқонуний» айбловларнинг бекор қилиниши «биринчи қадам бўлиши керак», деб ёзди.
Яширин ҳужжатлар иши
Доналд Трамп давлат раҳбари лавозимини тарк этар экан, миллий хавфсизлик маълумотларини ўз ичига олган ҳужжатларни ноқонуний сақлашда айбланган. Айбловнинг фикрича, собиқ президент ундан ҳужжатларни тортиб олишга уринган мансабдор шахсларга ёлғон гапириб, материалларни шахсан ўзи қайтариб бериш ниятида эканлигини айтиб ўтган. Трамп ўз айбини тан олмаяпти.
Прокурорлар, шунингдек, Трампнинг Флоридадаги мулкидаги ишчилардан бирига ҳам айблов қўйди. Тергов маълумотларига кўра, у ушбу материалларни қайтариб бермоқчи бўлган мансабдор шахслардан махфий ҳужжатларни яширишга ёрдам берган. The New York Times газетасининг ёзишича, эркак видеокузатув камералари тасвирларини ўчиришга уринишда гумон қилинмоқда.
Трампга қарши бошқа айбловлар
Апрел ойи ўрталарида Ню-Йоркда Доналд Трамп актриса Сторми Дэниэлсга пул ўтказмаларини яширгани учун устидан суд бошланди. Унинг таъкидлашича, Трамп у билан яқин муносабатда бўлган ва 2016 йилда Дэниэлс сайловолди кампаниясида бу ҳақда гапирмаслиги учун унга сайлов фондларидан 30 минг доллар тўлаган. Май ойи охирида ҳакамлар ҳайъати собиқ президентни барча 34 та банд бўйича айбдор деб топди. Иш бўйича ҳукм 11 июл куни эълон қилиниши керак эди, бироқ АҚШ Олий судининг собиқ президентлар дахлсизлиги ҳақидаги қарори сабаб суд мажлиси қолдирилди.
Трамп яна иккита иш бўйича ҳам айбланган. Улар унинг Жоржияда 2020 йилги президентлик сайлови натижаларига таъсир ўтказишга уриниши ва бу овоз беришда жараён сохталаштирилгани ҳақида атайлаб ёлғон тарқатиши билан боғлиқ. Бу ишлар бўйича судлар ноябрдаги сайловлардан олдин бошланадими ёки йўқми, ҳозирча номаълум.
Ҳозирги давлат раҳбари ва Трампнинг президентлик учун курашдаги рақиби Жо Байден ҳам махфий ҳужжатларни нотўғри сақлашда айбланиши мумкин. Бироқ, охир-оқибат, махсус прокурор Роберт Хёр АҚШ ҳозирги президентини «яхши ниятли ва хотираси ёмон кекса одам» деб атаган ҳолда буни қилмасликка қарор қилди.
Мавзуга оид
21:54 / 18.11.2024
Трамп ноқонуний мигрантларни оммавий депортация қилиш режаси борлигини тасдиқлади
15:30 / 18.11.2024
Трамп нефт компанияси раҳбарини энергетика вазири этиб танлади
14:30 / 18.11.2024
Песков: Путин ва Трамп ўртасидаги суҳбат бўйича ҳозирча тайёргарлик йўқ
20:44 / 17.11.2024