Британия қироли Чарлз III бош вазир Кир Стармер ислоҳотларини эълон қилди
Ҳукумат янги уй-жой қурилишини тезлаштирадиган, ишчилар ҳуқуқларини мустаҳкамловчи, ҳокимиятни марказлаштирмайдиган, иммиграция ва бошпана бериш қоидаларини «замонавийлаштирадиган» қонунлар тақдим этади. Украинага ёрдам беришда давом этади ва Европа Иттифоқи билан яна яқинлашади.
Консерваторларнинг 14 йиллик ҳукмронлигидан сўнг ҳокимиятга келган Британиянинг янги лейбористлар ҳукумати, биринчи навбатда ички сиёсат, шунингдек, Украина, НАТО ва Европа Иттифоқига нисбатан қандай сиёсат олиб боришини эълон қилди. Янги парламент очилишида бош вазир Кир Стармернинг дастури Буюк Британия қироли Чарлз III томонидан катта ҳаяжон билан ўқиб берилди.
Қироллик нутқи анъанавий тарзда Буюк Британия ҳукуматининг асосий органи бўлмиш Жамоатлар палатасининг навбатдаги сессияси учун ҳукумат режаларини баён қилади.
BBC хабарига кўра, ислоҳотлар рўйхати кутилганидек бўлиб чиқди, чунки у Стармер партиясининг сайловолди дастурини такрорлайди.
Қирол ҳукумат янги уй-жой қурилишини тезлаштирадиган, ишчилар ҳуқуқларини мустаҳкамловчи, ҳокимиятни марказлаштирмайдиган, иммиграция ва бошпана бериш қоидаларини «замонавийлаштирадиган» қонунлар тақдим этишини, соғлиқни сақлаш, ижтимоий ҳимоя ва таълим соҳасида ислоҳотларни ваъда қилди.
Кутилганидек, нутқ Great British Railways темир йўл компаниясини қайта миллийлаштириш ва янги «яшил» энергияни ривожлантирувчи Great British Energy давлат энергетика компаниясини яратиш ваъдасини ўз ичига олди.
Стармер ўзидан олдинги бош вазир Риши Сунакнинг ёшларга сигарет сотишни тақиқлаш ташаббусини тиклади ва болаларга зарарли озиқ-овқат ва шакарли ичимликлар рекламасини чеклашга ваъда берди.
Таъкидланишича, бу ислоҳотларнинг барчаси учун Британия ғазнасида ортиқча маблағ йўқ. Шунинг учун янги ҳукуматнинг асосий вазифаси иқтисодиёт ва аҳоли даромадларининг ўсишига эришишдир, деди қирол.
Ташқи сиёсатга тўхталар экан, қирол янги ҳукумат номидан Британия Россиянинг агрессиясини қайтаришда Украина учун асосий иттифоқчи бўлиб қолишини ва НАТО ядровий устуни бўлиб қолишини ваъда қилди.
«Менинг ҳукуматим Украина ва унинг халқини ҳар томонлама қўллаб-қувватлашда давом этади ва Украинанинг НАТОга аъзо бўлиши учун аниқ йўлни белгилашда етакчи рол ўйнашга интилади», деди у.
Қайд қилинишича, Британия консерваторлар давридаги ажралишлар ва жанжаллар билан кечган ўн йилдан кейин янги ҳукумат остида Европага яқинлашади.
«Менинг ҳукуматим европалик ҳамкорлар билан муносабатларни тиклашга интилади ва Европа Иттифоқи билан савдо ва сармоявий муносабатларни яхшилашга ҳаракат қилади», деди қирол ва Европа Иттифоқига умумий таҳдидларга қарши биргаликда мудофаа қилиш учун янги хавфсизлик пактини ваъда қилди.
Мавзуга оид
01:19 / 05.10.2024
Буюк Британия карбонат ангидридни сақлайдиган майдончаларни яратишга салкам 30 млрд доллар ажратади
20:36 / 03.10.2024
Буюк Британия узоқ йиллик баҳслардан кейин Чагос оролини Маврикийга қайтариб беради
20:47 / 30.09.2024
Британиядаги энг йирик пўлат ишлаб чиқарувчи Tata Steel ўз фаолиятини тўхтатади
21:52 / 17.09.2024