Буюк Британия бош вазири Кир Стармер мамлакат ҳукумати раҳбари ва Лейбористлар партияси етакчиси лавозимидан истеъфога чиқаётганини эълон қилди.

Стармер ўз қарори ҳақида Буюк Британия қироли Чарлзни хабардор қилгани ва Лейбористлар партиясининг янги раҳбари сайланмагунча бош вазир бўлиб қолишини айтган.

Даунинг-стритдаги қароргоҳ олдида сўзлаган нутқида Стармер ўзи раҳбарлик қилган ҳукуматнинг ютуқларини санаб ўтган. Шу билан бирга, партияда унга нисбатан ишончсизлик пайдо бўлганига ишора қилган. Ўзининг таъкидлашича, сўнгги вақтларда партия ичида «у партияни кейинги умумий сайловларга олиб бориш учун қанчалик муносиблиги» ҳақида саволлар тобора кўпроқ кўтарила бошланган.

«Мен бу саволга жавобни партиямнинг парламентдаги фракциясидан эшитдим ва бу жавобни шараф билан қабул қиламан», – деган Стармер.

У Лейбористлар партияси ижроия қўмитасидан янги раҳбарни сайлаш жараёнини ташкил этишни сўраганини маълум қилган: бу жараён 9 июлда бошланиб, 16 июлгача, парламент аъзолари ёзги таътилга кетгунга қадар якунланиши керак.

Бир кун олдин ҳукуматнинг юқори мартабали вакили Стармер «ўйин тугагани»ни тушуниши ва «ўз меросини қандай сақлаб қолиш» ҳақида ўйлаётганини айтганди. The Observer’нинг лейбористлар партиясидаги манбаси шундай деганди: «Бош вазир истеъфога чиқиш заруратига кўнгандек кўринмоқда. У шафқатсиз реалликка дуч келди: энди қўллаб-қувватлов йўқ. Ҳақиқат шундаки, ҳамма ҳозирги вазият энди яшовчан эмаслигини тушунади».

Бундан ташқари, ўз кабинетидаги беш нафар вазир ундан қачон истеъфога чиқишини сўраган. Улар орасида транспорт вазири Ҳайди Александр, ташқи ишлар вазири Иветт Купер ва ички ишлар вазири Шабана Маҳмуд ҳам бор, деб ёзганди The Telegraph.

Стармернинг баёнотидан кўп вақт ўтмай Энди Бёрнам ҳукуматни бошқариш ниятидалиги ва ўз номзодини Лейбористлар партияси раҳбарлиги учун илгари сурмоқчи эканини маълум қилди.

У ўз баёнотида Стармерга партияга раҳбарлик қилгани учун миннатдорчилик билдирган ва «мамлакат барқарорлик, жиддийлик ва энг муҳим масалаларга доимий эътиборни кутиши»ни таъкидлаган. «Мамлакат айнан шунга эга бўлади», – дея ваъда қилди у.

Лейбористлар партиясида кўпчилик Бёрнам Найжел Фараж бошчилигида машҳурлашиб бораётган ўнг қанотдаги популистик Reform UK партияси таҳдидини енгиб ўтишга ёрдам берадиган фигура сифатида қарамоқда: социологлар фикрича, ислоҳотчилар мамлакатдаги энг кўп тарафдорларга эга сиёсий куч бўлиб қолмоқда.