Харобалар орасидаги “сарой” – ҳиндистонлик бой қарийб 200 метр баландликдаги шахсий уйни қуриш учун қанча пул сарфлаганди?
Шу кунларда дунёдаги барча ОАВ ҳиндистонлик миллиардер Мукеш Амбани ўғлининг никоҳ тўйига қанча сарфлагани ҳақида ёзишмоқда. Маълумотларга кўра миллиардер ўғлининг унаштирув маросими ва никоҳ тўйига 600 млн доллар сарфлаган. Мукеш Амбани нафақат Ҳиндистоннинг, балки Осиёнинг энг бой одами ҳисобланади. У бундан анча йиллар аввал Мумбайда оиласи билан яшаш учун қарийб 200 метрлик “осмонўпар сарой” қурдирганди.
2024 йил 12-15 июл кунлари Ҳиндистонда “Аср тўйи” деб номланган тўй маросимлари бўлиб ўтди. Таниқли ҳинд миллиардери Мукеш Амбани кенжа ўғли 29 ёшли Анант Амбанини уйлантирди.
Келин Радика Мерчант 1994 йилда туғилган. Айрим манбаларда Анант Амбани ва Радика Мерчантнинг болаликдан танишлиги, бошқаларида жуфтлик 2017 йилда танишгани ҳақида ёзилган.
Амбанилар оиласи Reliance Industries Limited компаниясига эгалик қилади. Унинг бизнеси нефтни қайта ишлаш, чакана савдо, телекоммуникация, озиқ-овқат маҳсулотларини сотиш ва рақамли платформа хизматларини тақдим этишни ўз ичига олади.
Айни пайтда Forbes Мукеш Амбанининг бойлигини 123,7 млрд долларга баҳолаган ва дунёнинг энг бой одамлари рўйхатида 11-ўринга жойлашган.
Радиканинг ота-онаси Вирен ва Шейла Мерчант ҳам таниқли тадбиркорлар бўлиб, миллиардерлар ҳисобланишади. Улар дунё миқёсида таблетка ҳамда капсулалар ишлаб чиқарувчи Encore Healthcare компаниясига эгалик қилишади.
Тўй маросими Амбаниларга тегишли Мумбайдаги 27 қаватли “Антилия” деб номланувчи осмонўпар бино-мажмуада бўлиб ўтди.
Бундан 24 йил аввал фойдаланишга топширилган мазкур бино ҳозирги кунда дунёдаги энг қиммат шахсий уй бўлиб турибди.
“Антилия”нинг қурилиши тарихи
2000-йиллар ўрталарида миллиардер Мукеш Амбанининг хотини Нита Амбани Ню-Йоркдаги Mandarin Oriental меҳмонхонасида дам олади. Бу меҳмонхона биноси, унинг жиҳозланиши миллиардернинг хотинига жуда ёқиб қолади.
Шундан сўнг аёл эрига Мумбайда Ню-Йоркдаги меҳмонхона каби кўринишда таъмирланган ва жиҳозланган шахсий уй қуриш таклифини билдиради.
Миллиардер Мумбайнинг асосан бойлар яшайдиган Cumballa Hill деб номланган ҳудудидан 4 532 метр квадрат ер сотиб олади. Бу кварталда 1 метр квадрат ернинг нархи 10 минг АҚШ долларига нархланади. Шундан келиб чиқиб Амбани 45 сотих ерни сотиб олиш учун анча пул сарфлаган деб тахмин қилинади.
Шундан сўнг Мукеш Амбани бош офиси АҚШнинг Чикаго шаҳрида жойлашган Perkins & Will компаниясига буюртма бериб, бино лойиҳасини тайёрлатади.
2006 йилда Leighton Holdings қурилиш компанияси “Антилия” қурилишини бошлайди. Кейинчалик қурилишни бошқа компания тугатади. Бинонинг номи Атлантика океанидаги афсонавий Антилия ороли номидан олинган.
Бино қурилиши 2010 йилда битказилади. “Антилия” 27 қаватдан иборат, бироқ унинг баландлиги 173 метрни (60 қаватли осмонўпар бино баландлигига тенг) ташкил этади. Шифтлар баланд бўлгани ҳисобидан бинонинг баландлиги шу кўринишга келган.
Forbes маълумотларига кўра бино қуриб битказилган 2010 йилда Мукеш Амбани қарийб 30 млрд доллар бойлик билан жаҳон бойлари рўйхатида 4-ўринда бўлган.
“Антилия” Рихтер шкаласи бўйича 8 балли зилзилага бардошли қилиб лойиҳалаштирилган ва қурилган. Бинода миллиардер Мукеш Амбани оиласи – хотини, болалари ва онаси билан бирга яшайди.
“Антилия”да нималар бор?
Ҳинд миллиадерининг уйида қуйидаги қулайликлар бор:
- 9 та замонавий лифт;
- Дастлабки олтита қаватда жами 160 та автомобилга мўлжалланган автотураргоҳлар;
- Еттинчи қаватда шахсий автосервис; (Мукеш Амбанининг оиласи жуда кўп автомобилга эга ва уларга фақат осмонўпар бинода жойлашган автосервисда техник хизмат кўрсатилади);
- Саккизинчи қаватда 50 кишилик ҳашаматли кинотеатр;
- Бир нечта қаватда спа-салон, чўмилиш учун ҳовузлар, боғлар (Тўққизинчи қаватдан бошлаб);
- Спорт майдончалари ва заллари (Бир нечта қаватда);
- Турли бал ва бошқа кўнгилочар тадбирлар ўтказиладиган заллар;
- Меҳмонлар учун ётоқхоналар, дам олиш хоналари (Тепа қаватларда);
- Вертолётлар қўниши учун майдонча;
- Парвозларни бошқариш маркази.
Баландлиги 173 метр бўлган “Антилия” ҳашаматли қасрдан кўра осмонўпар бинога ўхшайди. Унинг майдони эса 37 минг метр квадратга яқин. Бино қурилиши миллиардерга 50-70 миллион долларга тушган. Айни пайтда мазкур ҳашаматли уй 2 млрд долларгача баҳоланмоқда.
Бинода умумий ҳисобда 600 нафар ходим хизмат қилади. Улар орасида қўриқлаш хизмати, боғбон, ошпаз ва бошқа ходимлар билан бирга оила аъзоларига хизмат қилувчи шахсий хизматчиларгача бор.
Амбанилар оиласи энг тепадаги қаватларда яшайди ва у ерга хос хизматкорлардан бошқа ҳеч ким кира олмайди.
“Антилия”нинг юқори қаватларидан Ҳинд океанидаги Араб денгизи манзаралари кўриниб туради. Мукеш Амбани “Антилия”да тез-тез меҳмондорчилик уюштириб туради.
Миллиардер шаънига танқидлар
Мумбайда ўта ҳашаматли ва шахсий осмонўпар уй пайдо бўлгач Ҳиндистон ОАВда Мукей Амбани шаънига кўп марта танқидлар ёғдирилган.
Нафақат Ҳиндистонда, балки Мумбайда ҳам аҳолининг аксар қисми хароба кулбаларда қашшоқ ҳолда яшайди. Масалан, Мумбай аҳолисининг 60 фоизидан ошиқроғи хароба кулбаларда кун кечиради.
Жумладан, шаҳарнинг биргина Дхарави мавзесида 1 млн нафардан ошиқ қашшоқ аҳоли истиқомат қилади. Ана шундай шароитда Мукеш Амбанининг ўзига осмонўпар “сарой” тиклаши жуда кўпчилик томонидан салбий тарзда кутиб олинган.
Ҳиндистондаги газеталардан бирининг журналисти ўз мақоласида маҳобатли бинони “худбинлик тимсоли” деб атаган. Бошқа бир газета муҳаррири Амбани ҳаддан ташқари дабдабабоз деб ёзади.
Амбаниларнинг тўйи муносабати билан Мумбай полицияси 3 кун давомида шаҳарда транспорт ҳаракатини чеклаб қўйган ва юқори мартабали амалдорлар келиши сабабли тўйни “оммавий тадбир” дея тавсифлаган. Бу ҳам шаҳар аҳолиси ва ҳинд жамоатчилигининг норозилигига сабаб бўлди.
Ака-ука ўртасидаги низолар
Мукеш Амбанига бойликлар отаси Дҳирубҳай Амбанидан қолган. Бугун Мукеш эгалик қилаётган Reliance Industries компаниясини 1966 йилда айнан Дҳирубҳай Амбани ташкил этганди.
2002 йилда Дҳирубҳай Амбани вафот этади. У ташкил этган компания ва бир неча ўн миллиард доллар пуллар Мукеш Амбани ва Анил Амбанига қолади. Мукеш компания президенти, Анил эса вице-президент лавозимини эгаллайди.
Кўп ўтмай ака-ука ўртасида келишмовчиликлар келиб чиқа бошлайди. Бунга Анилнинг Мукешни компания бошқарувини тўлиқ ўз измига олишга уринаётганликда айблаши сабаб бўлади.
Анил ҳатто Reliance Industries компанияси директорлар кенгашига очиқ хат ёзиб, акасининг бошқаруви бўйича эътирозларини маълум қилади. Охир-оқибат, 2005 йилда ака-укаларнинг онаси компанияни бўлиб олишни таклиф қилади.
Бўлинишдан кейин Анилга энергетика, телекоммуникация ва кўнгилочар лойиҳалар тегади. Қолганини Мукеш бошқара бошлайди. Reliance Industries компанияси тўғридан тўғри Мукешга ўтади.
Анил Reliance Anil Dhirubhai Ambani Group компаниясини ташкил этади. Бироқ ака-ука ўртасидаги можаро давом этаверади. Анил ўзига кам ҳақ теккан деб ҳисобларди.
Ўшандан буён Мукеш ва Анил бир неча марта бир-бирини айблаб чиқди, ўзаро судлашди. Бу можаро ҳанузгача давом этиб келмоқда.
2019 йилда Мукеш юритаётган кескин рақобат туфайли Анил банкротлик ҳолатига келиб қолади ва унга қамалиш хавф солади. Шунда Мукеш укасининг жонига ора киради ва унинг компаниясини банкротликдан, ўзини қамоқдан қутқариб қолади.
Бироқ Анил барибир акасини кечирмайди. Чунки ўшанда у банкротликдан қутулиб қолиш учун телекоммуникация соҳасидаги компаниясини акасига “арзимаган” 3 млрд долларга сотишга мажбур бўлади.
Сал аввал ўша компания 30 млрд доллар атрофида баҳоланар, ука касодга учрагач ака унинг компаниясини 10 баробар арзонга сотиб олганди. Шундан сўнг Анил аввалги мавқеини йўқотади.
Бугун Мукеш Амбанининг уч нафар фарзанди Reliance Industries компанияси директорлар кенгашига аъзо ҳисобланади. Қизи Иша компаниянинг савдо ва молиявий бўлимини бошқаради.
Тўнғич ўғли Акаш Ҳиндистондаги йирик телекоммуникация тармоғи Reliance Jio Infocomm Limited компаниясини, кичик ўғли Анант эса энергетика компаниясини бошқаради.
Амалдаги ва собиқ давлат раҳбарлари таклиф этилган тўй
Анант Амбани ва Радика Мерчантнинг тўйига келсак, унга ташриф буюрадиган меҳмонлар рўйхатидан Ҳиндистон бош вазири Нарендра Моди, мудофаа вазири Ражнат Сингх, мухолифат партия – «Ҳиндистон миллий конгресси» етакчиларидан бири Сония Ганди, парламент аъзолари ва бир қатор штатларининг бош вазирлари ўрин олган.
Байрамга таклиф этилган сиёсатчилар рўйхатида АҚШнинг собиқ давлат котиблари Ҳиллари Клинтон ва Жон Керри, Буюк Британиянинг собиқ бош вазирлари Борис Жонсон ва Тони Блер, Канада собиқ бош вазири Стивен Харпер ҳам бор эди.
Шунингдек, тўй маросимига Болливуд юлдузлари Шоҳрух Хон, Салмон Хон, Амитабх Баччан, Дипика Падуконе, Ранбир Капур ва бошқалар таклиф этилган.
Амбанилар меҳмонларни ташиш учун учта Falcon 2000 самолётини ижарага олган. Тадбирда жами 100 дан ортиқ хусусий самолётлардан фойдаланилган.
Indian Express шарҳловчиси Леҳер Каланинг таъкидлашича, Амбанилар мамлакатда бу даражадаги ҳашамат ва бойликни очиқча намойиш қила оладиган ягона оила. Ҳиндистонда бошқа ҳеч ким бундай куч ва ижтимоий капиталга эга эмас.
ОАВ маълумотларига кўра, тўйда хонандалар Адел, Лана Дел Рей ҳамда репер Дрейк яккахон концерт берган. Пуэрто-риколик қўшиқчи Луис Фонси ва нигериялик репер Рема ўзларининг хит қўшиқлари - Despacito va Calm Down’ни куйлаган.
Тўйга, шунингдек, нуфузли бизнес вакиллари – Билл Гейтс, Google бош директори Сундар Пичаи, Saudi Aramco миллий нефт компанияси раҳбари Амин Носир ҳам таклиф этилганди.
Бундан ташқари, меҳмонлар рўйхатида актриса Приянка Чопра, унинг турмуш ўртоғи Ник Жонас, актёрлар Жон Сена, Жан-Клод Ван Дам, Девид ва Виктория Бекхем, бокс афсонаси Майк Тайсон кабиларнинг исм-шарифлари бўлган.
Тўйга қанча пул сарфланди?
Daily Mail газетасининг ҳисоб-китобларига кўра, уч кунлик тўй Амбаниларга 320 млн долларга тушади. Беш ой аввал ўтказилган унаштирув тантаналарини ҳисобга олиб, The Guardian умумий харажатларни тахминан 600 млн долларга баҳолаган. Бу Амбанилар оиласи бойлигининг 0,5 фоизини ташкил этади.
Амбанилар машҳур юлдузларни Ҳиндистонга олиб келиш учун катта пул сарфлаган. Масалан, март ойида ўтказилган маросимдаги иштироки учун Рианнага 6 млн доллар тўланган. Жастин Биберга жонли ижродаги қўшиқлари учун эса 10 млн доллар хизмат ҳақи ваъда қилинган.
Ҳар бир тўй меҳмонига кумуш шарли ҳайкалча, қўлда ишланган рўмол ва совғалар солинган безакли қути кўринишидаги қимматбаҳо таклифнома юборилган. Битта таклифноманинг нархи 10 минг долларни ташкил қилади.
CNN’нинг ёзишича, Амбаниларнинг тўйи мамлакатда ҳинд тўйлари учун янги стандарт ўрнатган ва тўй хизматлари нархининг кескин қимматлашига сабаб бўлган.
Бой ва хароб Ҳиндистон
Ҳиндистон бугун бир томондан тез ривожланаётган ва миллиардер бойлар кўпайиб бораётган, иккинчи томондан камбағаллик ва қашшоқлик ҳукм сураётган давлат сифатида гавдаланади.
Маълумотларга кўра, бугун Ҳиндистонда қарийб бир млрд одам камбағалликда, шундан 300 миллион аҳоли ўта қашшоқликда, яна шунча аҳоли электр энергияси таъминотисиз яшайди.
Мамлакат аҳолисининг ярмидан кўпи, 800 млн одам ёмон санитар шароитда, 100 млн одам тоза ичимлик таъминотисиз умр кечиради. Мамлакатнинг ярим аҳолиси кунига 1 доллар даромад билан яшамоқда.
Ҳиндистонда ҳар кун 3 минг бола очликдан ҳалок бўлади. Ҳукумат қашшоқлар учун буғдой ва бошқа озиқ-овқат экинлари ёки маҳсулотларини арзонлаштирилган ҳолда етказиб беришни жорий қилган. Бироқ коррупция авж олгани учун улар қашшоқларгача етиб бормайди.
Бошқа томондан мамлакат дунёдаги 100 та бой давлатнинг бири ҳисобланади. Доллардаги миллионерлар сони бўйича фақат АҚШ ва Хитойдан сўнг учинчи ўринни эгаллайди.
2023 йилда Ҳиндистон ялпи ички маҳсулот ҳажми 3 триллион 572 миллиард бўлган ва у дунё давлатлари орасида АҚШ, Хитой, Германия ва Япониядан сўнг 5-ўринни эгаллаган.
Шунингдек, сўнгги йилларда мамлакат ЯИМ ҳажми ўсиши 7 фоиздан ошмоқда. Бу зўр натижа ҳисобланади. Бироқ аҳоли сони жуда тез ўсаётгани сабабли бу қашшоқ халқнинг ҳаётида унча билинмаяпти.
Турли мутахассислар Ҳиндистондаги муаммоларга, аҳолининг турмуш даражаси пастлигига коррупция кенг авж олгани сабаб бўлаётганини айтишади.
Шунингдек, таълим ва соғлиқни сақлаш тизимларида муаммолар кўплиги, уларга етарлича эътибор берилмаслиги, менталитет ҳамда бошқа омиллар мамлакат ривожини ортга тортаётган сабаблар сифатида кўрилади.
Ғайрат Йўлдош тайёрлади.
Мавзуга оид
16:43 / 17.11.2024
Ҳиндистон биринчи гипертовушли ракетасини муваффақиятли синовдан ўтказди
16:50 / 16.11.2024
Ҳиндистонда ҳаво ифлосланиши кучайиб кетганидан Тож Маҳал кўринмай қолди
17:36 / 14.11.2024
Ҳиндистон халқаро аэропортида ҳавонинг ифлосланиши туфайли 200 дан ортиқ рейслар кечиктирилди
19:27 / 13.11.2024