Трамп ва Зеленский телефон орқали гаплашди
Украина президенти Трампни АҚШ президентлигига номзод сифатида кўрсатилгани билан табриклади ва унга куч-қувват тилади. Трамп, ўз навбатида, агар сайланса, урушни тугатишга ваъда берди.
«Мен Доналд Трамп билан суҳбатлашдим, уни Республикачилар партиясидан (АҚШ президентлигига) номзод сифатида табрикладим ва Пенсилваниядаги даҳшатли суиқасдни қораладим», деб ёзди 20 июл, шанбага ўтар кечаси АҚШ собиқ президенти билан телефон орқали суҳбатдан сўнг Украина давлати раҳбари Володимир Зеленский ижтимоий тармоқда.
Зеленский, шунингдек, у икки асосий Америка партияси ва Америка Конгресси икки палатасининг Украина «эркинлиги ва мустақиллигини ҳимоя қилиш» учун «ҳаётий» ёрдами ҳамда Россиянинг Украина шаҳарлари ва қишлоқларига давом этаётган зарбалари ҳақида гапирганини айтди. Зеленскийнинг сўзларига кўра, суҳбат чоғида томонлар «шахсий учрашувда қандай қадамлар тинчликни адолатли ва чинакам мустаҳкам қилиши мумкинлигини муҳокама этишга» келишиб олган. Шу билан бирга, пост матнида Зеленский Трампни собиқ эмас, балки президент деб атаган.
Доналд Трамп Украина раҳбари билан суҳбати ҳақида ўзининг Truth Social ижтимоий тармоғида ёзди. У суҳбатни «жуда яхши» деб атади ва у билан боғлангани учун Зеленскийга миннатдорчилик билдирди. АҚШ собиқ президенти сайловларда ғалаба қозонгач, Украинадаги урушга чек қўйиши мумкинлигини яна бир бор таъкидлади. «Иккала томон ҳам бирлашиб, зўравонликка чек қўядиган ва фаровонлик йўлини яратувчи келишувни муҳокама қилиши мумкин», — деб ёзган Трамп.
Трампнинг Украинадаги урушни тугатиш режаси
Июл бошида The Washington Post газетаси Трампнинг Киевга Қрим ва Россияга қўшиб олинган Донбассни бериши учун босим ўтказиш нияти ҳақида ёзган эди. Нашр ёзишича, АҚШ собиқ президентининг маслаҳатчилари тинчлик музокараларини Киевга Америка қуроллари етказиб бериш билан боғлашни таклиф қилган. Володимир Зеленский Трампни Россиянинг Украинага қарши урушини 24 соат ичида тугатиш режаси билан бўлишишга чақирди.
«Агар Трамп бу урушни қандай тугатишни билса, бу ҳақда бизга бугун айтиб бериши керак, - деди Украина президенти Bloomberg’га берган интервюсида. - Агар Украина мустақиллиги учун хавфлар бўлса, давлатчилигимизни йўқотсак, биз бунга тайёр бўлишни хоҳлаймиз, биз буни билишни хоҳлаймиз». Шу билан бирга, Зеленский Трамп ва унинг жамоаси билан уларнинг таклифларини тинглаш учун учрашишга «потенциал тайёр» эканлигини айтди: «Биз ноябр ойида АҚШ томонидан кучли ёрдамга эга бўламизми ёки бутунлай ёлғиз қоламизми, тушунмоқчимиз».
Мавзуга оид
20:44 / 17.11.2024
Марко Рубио — бўлажак давлат котиби. У Трампга ёқиш учун қарашларини кескин ўзгартирган сенатор
17:22 / 17.11.2024
Трамп Афғонистондан АҚШ қўшинларини олиб чиққанларни жазоламоқчи – ОАВ
21:19 / 16.11.2024
Трамп Оқ уй тарихидаги энг ёш матбуот котибини тайинлади
11:22 / 16.11.2024