Париж: Ўйинларни беқарорлаштиришда гумон қилинган россиялик ушланди
Россия Федерацияси фуқароси хорижий давлат фойдасига жосуслик қилиш ва ёзги Олимпия ўйинлари вақтида Франциядаги вазиятни беқарорлаштириш учун кенг кўламли ҳаракатларни тайёрлаганликда гумонланмоқда.
Парижда 40 ёшли Россия фуқароси ҳибсга олинди. Бу ҳақда 23 июл, сешанба куни Франция пойтахти прокуратураси маълум қилди. Эркак «Францияда ҳарбий ҳаракатларни қўзғатиш мақсадида хорижий давлат манфаатларини кўзлаб разведка фаолияти олиб борганликда» гумон қилинмоқда. Le Parisien газетаси аниқлик киритишича, россияликка айблов қўйилган.
Гумонланувчининг квартирасида ўтказилган тинтув чоғида «унинг Олимпиада ўйинлари пайтида Франциядаги вазиятни беқарорлаштириш учун россияпараст операция тайёрлаганидан далолат берувчи далиллар топилди», деди нашрнинг терговга яқин суҳбатдоши. Бошқа бир манбанинг журналистларга айтишича, бу «жиддий» оқибатларга олиб келиши мумкин бўлган «кенг кўламли лойиҳа» бўлиши эҳтимоли бор.
Текширув Франция Ички ишлар вазирлигининг ички хавфсизлик бош бошқармаси томонидан олиб борилмоқда – яъни аксилтеррор агентлик эмас, аксилразведка, дея тушунтиради Le Parisien. Агар эркак айбдор деб топилса, у 30 йилгача қамоқ жазосига ҳукм қилиниши мумкин.
Париж яқинида Донбассдан бўлган эҳтимолий диверсант ҳибсга олинди
5 июн куни Париж яқинидаги Шарл-де-Голл аэропорти яқинида Россия ва Украина фуқаролигига эга бўлган донбасслик фуқаро қўлга олингани ҳақида маълум бўлди. Оммавий ахборот воситаларининг хабар беришича, 26 ёшли эркак ўзи йиғаётган қўлбола бомба портлаши оқибатида юзи жиддий куйиш жароҳатлари билан касалхонага ётқизилган. Унинг меҳмонхона хонасини кўздан кечириш чоғида бир нечта портловчи мослама ва хомашё, шунингдек, пул, қалбаки паспорт ва ўқотар қуроллар топилган.
Дастлабки маълумотларга кўра, гумонланувчи Украинага етказиб бериш учун мўлжалланган Франция ҳарбий техникасини йўқ қилиш мақсадида бир нечта портловчи мосламалар ясамоқчи бўлган. Ушбу иш бўйича терговни Франция Ички ишлар вазирлигининг ички хавфсизлик бош бошқармаси Франция миллий аксилтеррор прокуратураси билан ҳамкорликда олиб бормоқда.
Франция жосусликда гумон қилинганларни Олимпиадага киритмайди
Франция ҳукумати жосусликдан хавотирланиб, бир неча ўнлаб хорижликларга Париждаги ёзги Олимпиада ўйинларига киришни рад этди. Тақиқ Россия, Беларус ва бошқа бир қатор мамлакатлардан келган юзга яқин кишига тааллуқли, деди мамлакат ички ишлар вазири Жералд Дарманен Le Journal du Dimanche нашрига берган интервюсида.
Унинг аниқлик киритишича, гап 2024 йилги Олимпиадага журналист, физиотерапевт ёки техник ходимлар ниқоби остида келишни истаган хорижликлар ҳақида кетмоқда. «Эҳтимол, улар бу ерга ҳужумлар уюштириш учун келмайди. Лекин, разведка ва анъанавий жосусликдан ташқари, киберҳужумларни амалга ошириш учун компютер тармоқларига кириш нуқталаридан бохабар бўлиб туриш керак», - деди Дарманен. Шу билан бирга, Халқаро олимпия қўмитасида ишлайдиган россияликларга ўйинларда қатнашиш учун рухсат берилди.
Умуман олганда, Жералд Дарманен сўзларига кўра, разведка хизматлари томонидан текширилган 960 минг шахсдан 4340 кишига, жумладан кўнгиллилар, стадион ишчилари ва спорт делегациялари аъзолари 2024 йилги ёзги Олимпиада ўйинларида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилинган. Гап террорчилик, ўнг ва сўл радикал фаолият, шунингдек, илгари жиноят содир этганликда гумон қилинганлар ҳақида бормоқда.
Париждаги Ёзги Олимпия ўйинлари 26 июлдан 11 августгача бўлиб ўтади. Уларда россиялик ва беларуслик спортчилар нейтрал мақомда қатнашади.
Мавзуга оид
08:31 / 14.11.2024
Париж прокуратураси Марин Ле Пенга 5 йиллик қамоқ жазосини талаб қилмоқда
09:30 / 25.10.2024
Ливанга ёрдам бериш учун Парижда тахминан 1 млрд евро йиғилди
22:36 / 24.10.2024
Париждаги Нотр-Дам соборига кириш пулли бўлади
20:31 / 20.09.2024