Марказий Осиё давлатлари банклари Россиядан тўловларни қабул қилишдан воз кечмоқда
Россиядан тўловларни қабул қилиш билан боғлиқ муаммолар Марказий Осиё давлатларига ҳам етиб борди — Қозоғистон, Ўзбекистон, Қирғизистон ва Тожикистон банклари Россия компанияларидан тўлов қабул қилишни рад эта бошлаган.
Бу РБК компанияси танишган ПЭК, Digital ВЭД, GTL ва Logita Trade транспорт компаниялари шарҳида акс этган. Уларнинг маълумотларига кўра, Марказий Осиё давлатлари банклари орқали тўловларни рад этиш июл ойининг ўзида 30 фоизга ошган, операцияларни ўтказиш муддати эса 15 фоизга ошиб, икки ҳафтани ташкил этмоқда.
Бундай вазият ушбу мамлакатлардаги банклар комплаенси қатъийлаштирилгани билан боғлиқ — улар кўпроқ қўшимча ҳужжатлар ва тушунтиришлар, жумладан, компания тўғрисида, уларнинг муассислари, мижозлари, маблағларнинг пайдо бўлиш манбалари, битимлар тафсилотлари ҳақидаги маълумотлар талаб қилмоқда, деган ПЭК транспорт компанияси молиявий директори Роман Ромашевский. Унинг аниқлик киритишича, муаммо 2024 йилнинг II чорагида кучайган, ҳаттоки маҳаллий валюталар билан ҳисоб-китоб қилишда ҳам бўй кўрсатмоқда.
Битта банкнинг ўзида 10 минг долларлик товарларнинг унчалик катта бўлмаган партияси учун тўловлар осонгина ўтиши мумкин, бироқ 50 минг долларлик операцияга рад жавоби берилмоқда, деган Logita Trade бош директори Татяна Алексеева.
«Марказий Осиё банклари орқали товарлар учун тўловлар бошқа давлатларга, жумладан Хитойга ўтказилаётганида кўпроқ муаммо келиб чиқмоқда», — деган Digital ВЭД ҳаммуассиси Анна Фомичева. Банклар бу рад этишларни АҚШнинг санкциялари туфайли қора рўйхатга тушиб қолмасликдан ҳазир бўлаётганлик билан изоҳлаган.
Мавзуга оид
11:58 / 19.01.2025
Жексон-Вэник тузатиши: уни бекор қилиш АҚШ–Ўзбекистон алоқаларида нимани ўзгартиради?
02:51 / 17.01.2025
Путин захирадаги фуқароларни йиғинларга чақиришга оид фармонни имзолади
17:12 / 16.01.2025
АҚШ Марказий Осиё давлатларига нисбатан Жексон-Вэник тузатишини бекор қилиши мумкин
15:20 / 16.01.2025