Жаҳон | 09:44 / 27.07.2024
3081
3 дақиқада ўқилади

Берлин Минскни ўлимга ҳукм қилинган немис билан интервю учун танқид қилди

Германия Федератив Республикаси бундай видеоларни намойиш қилиш орқали «инсон қадр-қиммати сезиларли даражада поймол этилаётганидан жуда хавотирда». Берлин Беларус раҳбариятини бундай амалиётлардан тийилишга чақирди.

Фото: РИА Новости

Германия ташқи ишлар вазирлиги Беларус расмий ҳукуматини ўлимга ҳукм қилинган Германия фуқароси Рико Кригер билан «интервю» видеосини нашр этгани учун кескин қоралади. Департаментнинг таъкидлашича, бундай видеоларни чоп этиш Беларус ҳукумати учун одатий амалиётдир. Германия ташқи ишлар вазирлиги матбуот котиби Катрин Дешауэр 26 июл, жума куни ҳукумат матбуот анжуманида Германия «инсон қадр-қиммати сезиларли даражада поймол этилаётганидан жуда хавотирда», деди.

Унинг сўзларига кўра, Берлин Беларус раҳбариятини бундай амалиётлардан воз кечишга чақирган. Дешауэр ҳукумат Рико Кригерга интенсив консуллик ёрдамини кўрсатаётганини яна бир бор таъкидлади. 

Алмашиш ҳақида ҳеч қандай изоҳ берилмади 

Ўз навбатида, Германия ҳукумати расмий вакили ўринбосари Кристиан Хоффман немис фуқаросининг алмашинуви мумкинлиги ҳақидаги саволга жавоб беришдан бош тортди. Унинг эслашича, яқинда бўлиб ўтган матбуот анжуманида Германия канцлери Олаф Шолц ҳам эҳтимолий алмашинув ҳақидаги саволга жавоб бермаган. 

DW суҳбатлашган экспертларнинг фикрича, Рико Кригер 2019 йилда Берлинда собиқ чечен дала қўмондони Зелимхон Ханқошвилини отиб ўлдирган ва Германияда умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилинган Россия «ФСБ» ходими Вадим Красиковга алмаштирилиши мумкин. Беларус Ташқи ишлар вазирлиги аллақачон Германияга «вазият ривожининг мавжуд вариантлари бўйича аниқ ечимларни» таклиф қилганини айтди.

Беларусда Рико Кригер иши

Аввалроқ Беларуснинг «МотолькоПомоги» Telegram-канали Беларусда июн ойи охирида Германия фуқароси ва Германия Қизил Хоч (ГҚХ) ходими Рико Кригер ўлимга ҳукм қилингани ҳақида хабар берди. Хабар муаллифларининг таъкидлашича, эркак «ўқотар қуролга нисбатан қонунга хилоф ҳаракатлар», «транспорт ёки алоқа воситаларини яроқсиз ҳолга келтириш», «экстремистик тузилма яратиш ёки унда иштирок этиш», «яширин фаолият», «ёлланма иш» ва «терроризм акти» каби моддаларда айбланган. 
 
Беларус давлат телеканали - «Беларусь 1» 25 июл куни кечқурун «Немис террорчиси иқрори» номли кўрсатувни намойиш этди, унинг ягона иштирокчиси Германия фуқароси, июн ойида Минск яқинидаги Озеришче темирйўл станциясидаги портлаш иши бўйича ўлим жазосига ҳукм қилинган Рико Кригер эди. 

DW эътиборни бир қатор ҳолатлар туфайли Кригер баёнотларининг ҳақиқийлигини тасдиқлаш иложи йўқлигига қаратади. Германия фуқароси ўлим жазосига ҳукм қилинган ҳолда, Беларус ҳукумати томонидан тўлиқ назорат қилинадиган телеканал журналистлари билан суҳбатлашди. Бундан ташқари, унга ушбу «интервю»га рози бўлиш ёки камерада ундан нима талаб қилинганини айтиш учун босим ўтказилганми ёки йўқми, номаълум: Беларус қамоқхоналаридаги кўплаб собиқ маҳбуслар қийноққа солинганини айтишган.

Мавзуга оид