Ўзбекистон | 22:32 / 27.07.2024
29818
3 дақиқада ўқилади

Тошкентда уй бозоридаги вазият: нархлар қандай ўзгармоқда?

Тошкент шаҳрида квартиралар нархи ўтган йилнинг шу даври билан солиштирганда тахминан 10 фоизга ошган, лекин ҳозирги нархларни йил бошидаги нархлар билан таққослаганда, бюджет категориясида 7-8 фоиз, юқори сегментда эса 10 фоиздан кўпроққа тушиш кузатилган, дейди кўчмас мулк соҳасида фаолият юритувчи Аброр Зоҳидов. У ушбу тенденциянинг сабаблари ҳақида сўз юритди.

Фото: Kun.uz

Журналист, кўчмас мулк соҳасида ҳам фаолият юритувчи Аброр Зоҳидов Facebook'даги саҳифасида охирги бир йил давомида Тошкент шаҳридаги квартиралар нархлари қандай ўзгаргани ҳақида маълумот берди.

“Мен нархларни бир неча йилдан буён ўзим учун ёзиб бораман. Ўтган йилнинг шу пайтига нисбатан олсак, [Тошкент шаҳрида] уйларнинг нархи тахминан 10 фоизга кўтарилган.

Ўртача ҳолатдаги “хрушёвка” уйларнинг нархидан келиб чиқсак, ўтган йиллари уларнинг нархи 45-50 минг доллар бўлган бўлса, ҳозир шу уйлар 55 минг атрофида сотиляпти. Яъни ўтган йилга нисбатан олсак, бу йил нарх ошган, лекин бу йилги энг юқори нуқтасига чиққан вақт – январ-феврал ойларига нисбатан 7-8 фоизга тушган. Март ойигача бу уйлар 60 минг доллар атрофида сотилаётган эди.

Қиммат “новостройка”лар ёки майдони катта квартираларга келсак, уларнинг нархи январ-февралдаги нархларга нисбатан 10 фоиздан ҳам сал кўпроққа тушди”, – деди у.

Аброр Зоҳидов одатда ҳар йили ёз ойларида кўчмас мулк бўйича савдолар мавсумий пасайишини таъкидлаб, уй-жойлар нархидаги ҳозирги тушиш нима билан боғлиқлиги бўйича фикр билдирди.

“Аслида нархлар тушиб, уйлар арзон бўлиб кетгани йўқ, шунчаки, нархлар жуда ҳам кўтарилиб кетган эди. Яъни бозор ҳаддан ташқари қизиб кетганди, асоссиз кўтарилиш бўлиб кетганди. Ана шу асоссиз кўтарилган қисмигина ҳозир тушди, яъни корректировка бўлиб, бозор ўзининг ҳолатига келди”, – дейди соҳа вакили.

Демак, уй олишга шошмай туриш керак экан-да? Аброр Зоҳидов бу савол борасида ўз маслаҳатини бериб ўтди.

“Агар [яшаш мақсадида] уй олиш ҳаракатида бўлсангиз, ҳаракатдан тўхтаманг. Уй олиш имконияти туғилиши билан, олаверинг. Чунки шу соҳада 20 йилдан буён иштирок этиб, кузатиб келаман, уй олмай афсус қилган одамни жуда ҳам кўп кўрдим, лекин уй олиб афсусланган одамни кўрмадим.

Энди, агар уй-жойга бизнес сифатида пул тикиш мақсадингиз бўлса, унда сал шошмай турганингиз маъқул. Бозор 3-4 ой ичида ўзининг табиий йўналишига тушса керак. Лекин уйга эҳтиёжи бор одам бу нарсани ортга сурмагани маъқул. Нимага? Чунки уйларнинг нархи тушиши уларни сотиб олиш осон бўлиб қолишини англатмайди. Халқимизда азалдан бир мақол бор: туя бир танга, қани ўша бир танга? Туя минг танга, мана минг танга. Яъни уйлар нархи арзонми, демак одамларнинг қўлида ўша пулнинг ўзи йўқ. Бекорга арзонлашмайди-ку. Айтмоқчиманки, уй арзон бўлгани билан, сиз ўша пулни топишингиз осон бўлиб қолмайди”, – деди у.

Мавзуга оид