Жамият | 20:01 / 28.07.2024
26129
7 дақиқада ўқилади

Эркаклар ва аёллар алоҳида яшайдиган, тошда таом тайёрлайдиган қабила билан яшаган ўзбекистонликлар

Kun.uz таҳририяти Mysterious Uzbekistan ва Uzbek Tourist алпинистлар жамоаси билан ҳамкорликда Австралия ва Океаниядаги энг баланд вулқонни забт этди ва у ерда яшайдиган қабила турмуш тарзини ўрганди. Папуа Янги Гвинея оролларидаги ажойиб манзаралар, ҳайратланарли ҳаёт тарзи билан танишинг.

Kun.uz жамоаси Mysterious Uzbekistan ва Uzbek Tourist алпинистлар жамоаси билан ҳамкорликда ажойиб кўрсатув тайёрлади. У ерда актив вулқонлар мавжуд, ва табиийки вулқон отилганда баъзан фожиавий ҳолатлар ҳам бўлиб туради. Папуа Янги Гвинеяга кирувчи оролларда жами 94 та вулқон бор. Бундан 18 таси актив ҳолатда. Австралия океанидаги энг катта вулқон ҳам шу ерда жойлашган.

Алпинистларимиз Австралия ва Океаниядаги энг баланд вулқон (4376 м) чўққисини забт этишди.

Аввало алпинистлар жамоаси Папуа Янги Гвинеядаги бу вулқон чўққисини забт этгунга қадар эришган ютуқларини санаб ўтсак. Mysterious Uzbekistan (Сирли Ўзбекистон) ва Uzbek Tourist жамоаси 4 энг баланд чўққини забт этишган.

1. Элбрус 5642 м - Европадаги энг баланд чўққи ва вулқон. 2022 йилда.

2. Киламанжаро 5895 м- Африканинг энг баланд чўққиси ва вулқони 2023 йилда.

3. Демавенд 5671 м. Осиёнинг энг баланд вулқони. 2023 йилда.

4. Гилуве 4367 м. Австралия ва Океаниянинг энг баланд вулқони. 2024 йилда.

Папуа Янги Гвинея тарихи

Дастлаб Янги Гвинеяга 16-асрнинг 1-ярмида португал денгизчи сайёҳлари келган. 1884 йил Янги Гвинея оролининг жануби-шарқий қисми Англия протекторатига айлантирилди ва у Папуа номини олади, 1888 йил Буюк Британия мустамлакаси деб эълон қилинди, 20 аср бошларида Австралия Иттифоқига топширилди.

1920 йил оролнинг Германия протекторати бўлган шимоли-шарқий қисми ҳам, Миллатлар Иттифоқининг мандатига биноан, Австралия Иттифоқи бошқарувига олиб берилди. 1949 йил Австралия ҳукумати унинг иккала қисмини маъмурий жиҳатдан бирлаштирди ва мамлакат Папуа Янги Гвинея номини олди. 1973 йил Папуа Янги Гвинея ички ўзини ўзи бошқариш ҳуқуқига эга бўлди. 1975 йил 16 сентябрда эса мустақил давлат деб эълон қилинди. Папуа Янги Гвинея 1975 йилдан БМТ аъзоси ҳисобланади.

Папау Янги Гвинея жойлашуви

Папуа Янги Гвинея Мустақил Давлати унинг пойтахти — Порт Моресбий шаҳри. Тинч океанининг жануби-шарқий қисмида жойлашган давлат. Ғарбда Индонезия билан чегарадош, қолган қисми денгизлар билан ўралган. Папуа Янги Гвинея таркибига Янги Гвинея оролнинг шарқий қисми ва унга ёндош ороллар, Бисмарк архипелаги, Соломон оролларининг шимолий қисми, Дъантркасто ороллари, Луизиада архипелаги, Тробриан ороллари, Муруа орол ва бошқа 200 га яқин катта-кичик ороллар киради. Умумий майдони 463 минг км кв. Аҳолиси 5 млн кишидан ортиқ дейилади. Маъмурий жиҳатдан 20 вилоятга бўлинади.

Ажойиб урф-одатлари

“Папуа Янги Гвинея аҳолисининг яшаш тарзи бўлинган ҳолатда, яъни аёллар алоҳида эркаклар алоҳида яшашган. Уларда иккита алоҳида уй бўлган “эркаклар уйи” ва “аёллар уйи”. Ваҳоланки бу ерда кўпхотинликка рухсат берилгани учун битта эркакнинг иккита, учта хотини бўлади.

Яна бир қизиқ нарса бу уларнинг миллий таом тайёрлаш жараёнидир. Папуа Янги Гвинеяда таомлар асосан гулханда эмас, қиздирилган тошларда пиширилади. Уларнинг энг машҳур таомларидан бири “Момо” деб аталувчи қиздирилган тошда пиширилган картошка экан.

Бундай таом тайёрлаш усули биринчи ўринда ҳамжиҳат бўлишга ёрдам берган, иккинчидан овланган ҳайвонни ташиб кўп вақт сарфламаслик учун, учинчидан кулолчилик меҳнати ривожланмаганлигидан. Яъни бу ерда турли хил идишлардан таом истеъмол қилиш учун ва таом тайёрлаганда ҳеч қандай зиравор ёки туздан фойдаланмаган, чунки “Момо” усулида пиширилган маҳсулот тутунга димлаб қуйишгани учун гўштга ёки бундай картошкага ўзгача таъм берган.

Скелетон одамлар (ЧИМБУ)

Папуа-Янги Гвинеянинг олис тоғли Чимбу вилоятида бир қанча этник гуруҳлар яшайди, уларнинг кўпчилиги қабилавий тана санъати билан шуғулланади.

1934 йилда австралиялик олтин овчи тадқиқотчи биринчи марта уларни учратганда, одамлар ҳайратланарли кўринишга эгалиги ва Чимбу қабиласи

бошдан оёқ скелетлар сифатида кўриниши ҳайратланарли тарзда бўлганини кўришади. Уларнинг ҳайратланарли бадиий тақдимотининг сабаби юзлаб йилларга бориб тақалади.

Қабила, даҳшатли ғайритабиий мавжудот атрофдаги ўрмонларни таъқиб қилади деб ишонган ва шунинг учун арвоҳни мағлуб қилиш учун улар арвоҳга айланишлари керак эди. Оқ лой ва кул аралашмасидан фойдаланиб улар таналарини, бош суягини ва барча суякларини бўяшди. Бу уларга ўрмонларда зарарсиз ов қилиш имконини берди. Анъана бир неча асрлар давом этди.

Ҳозирги кунда Бугамо қўриқхонаси аҳолиси ҳар йили ўтказиладиган Хейген Синг тоғ фестивали учун таналарини скелетга бўяшади.

Бир вақтлар бу анъана ўзга дунё жонзотларидан ҳимоя қилиш ва жанг олдидан қўрқитиш учун ишлатилган бўлса, энди бу, албатта, ўртача нархларда таъсирчан расм олишни истаган қизиқувчи фотографларини жалб қилиш воситасидир холос.

Мудмен муд одамлар

Asaro Mudmen инглизча: Асаро дарёсидан келган одамлар, лойга ботган одамлар маъносида келади. Шарқий Тоғлар провинцияси, Горока шаҳридан бўлган папуа халқи. Улар таналарини оқ лой билан қоплашлари ва махсус лой ниқобларини кийишлари билан машҳур. Оқ ранг Папуа маданиятида ўлимни англатади.

Афсонага кўра, Асаро мудменлари душман қабиласи томонидан мағлуб бўлган, бунинг натижасида улар Асаро дарёсига қочишга мажбур бўлишган. Аммо улар кечқурунгача кутишга қарор қилишди. Лойга ботган Асаро мудменларини душманлар кўриб руҳлар деб ўйлашган. Душман қабиласи бундан қаттиқ қўрқиб, қочиб кетишган. Душманлар нима бўлганини тушуниш учун қишлоққа қайтиб келишди. Лекин улар яна лойга ботган Асаро мудменларини кўриб қочиб кетади.

Жамоа аъзолари Папуа Янги Гвинеядаги энг баланд чўққини забт этишда қизиқарли воқеа ва ажойиботларга дуч келди. Кўрсатувда намлик юқори бўлган ўрмон, ёввойи табиат, камгап маҳаллий аҳоли, хуллас саргузашт истовчилар учун ажойиб маълумотлар билан танишиш мумкин.

Мавзуга оид