Жаҳон | 07:47 / 29.07.2024
5191
2 дақиқада ўқилади

Малайзия БРИКСга кириш учун ариза топширди

Малайзия БРИКСга раислик қилаётган Россияга гуруҳга қўшилиш бўйича расмий сўров юборди, деб хабар бермоқда Bernama ахборот агентлиги.

Фото: РИА Новости / Григорий Сысоев

Малайзия БРИКС давлатлараро ассоциациясига аъзо бўлиш учун ариза топширди, деб хабар берди Bernama ахборот агентлиги 28 июл, якшанба куни. «Малайзия БРИКСга раислик қилаётган Россияга ташкилотга аъзо бўлиш ёки унда стратегик шерик сифатида қатнашиш бўйича расмий сўров юборди», — дея мамлакат бош вазири Анвар Иброҳимнинг сўзларидан иқтибос келтиради агентлик. 

Бош вазирнинг сўзларига кўра, 27 июл куни Куала-Лумпурга ташриф билан келган Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавров билан учрашувида Малайзиянинг гуруҳга қўшилиши масаласи асосий бўлган. Малайзия ҳукумати БРИКСга қўшилиш ниятини июн ойи ўрталарида эълон қилди, дея эслатади Bernama. 

БРИКС мамлакатларига жаҳон иқтисодиётининг 28 фоизи тўғри келади

Ҳозирда БРИCС тўққизта давлатни, хусусан, Бразилия, Россия, Ҳиндистон ва Хитойни ўз ичига олади. Ассоциацияга кирувчи давлатлар биргаликда дунё аҳолисининг 45 фоизини (тахминан 3,5 миллиард киши) ва Жаҳон банки маълумотларига кўра, жаҳон иқтисодиёти қарийб 28 фоизини ташкил этади, бу эса 28 триллион евро дегани.

Малайзиянинг БРИКСга қўшилиш қарорига, жумладан, Хитой билан савдо алоқалари ва уларни янада мустаҳкамлаш истаги таъсир қилган, дейди Тасмания университетининг осиёшунослик профессори Жеймс Чин. Бундан ташқари, бундай ассоциацияда иштирок этиш Малайзияга «халқаро майдонда муҳимроқ овоз» беради, деб ҳисоблайди Чин. 

Мавзуга оид