Жаҳон | 23:25 / 30.07.2024
4477
2 дақиқада ўқилади

АҚШ россиялик нолегал мигрантларга бошпана сўраш шартларини кескин қатъийлаштирди

АҚШ ҳокимияти Америкадан бошпана сўрамоқчи бўлган Россия фуқаролари учун шартларни жузъий қатъийлаштирган. Бу ҳақда миграцион адвокат Юлия Никофорова The Breakfast Show теледастурида маълум қилган.

АҚШ ва Мексика чегараси. Фото: Wikimedia

Унинг сўзларига кўра АҚШга Мексика чегараси орқали кириб келган РФ фуқаролари аввал CBP One ҳукумат иловаси орқали миграцион марказда бир ҳафтача қолиб, кейин озодликка чиқиб, ўз кейси бўйича якуний қарорни кутиб юришган бўлса, энди вазият тубдан ўзгарган.

“Май ойларидан бошлаб мана шу ғалати тенденция бошланди. Одамлар appointmentʼга келишгач, уларни ушлаб, чиқармай қўйишди. Гап фақат Россия паспорти эгалари ҳақида бормоқда. Чунки бошқалар, мексикаликлар ва Лотин Америкасидан кириб кеаётганлар ўша жараёндан ўтиб, текширишлардан сўнг озодликка чиқишмоқда. Россияликлар эса ўтиришда давом этишмоқда”, — деб тушунтирган юрист.

Николаеванинг қайд этишича, бу ахборотга расман тасдиқ йўқ, чунки миллий ёки фуқаролик белгисига ҳуқуқларнинг топталиши АҚШ қонунчилиги билан тақиқланган. Бироқ унинг яқинда АҚШга кириб келган ва барча зарур жараёнлардан ўтган россиялик мижозлари миграцион марказдан ҳанузгача озод этилмаган.

Юрист буни яқинда юз берган воқеа билан боғламоқда. Ўшанда Россия паспорти билан АҚШга кириб келган бир неча тожикистонлик фуқароларнинг ИШИДга алоқадорлиги аниқланган. Шундан сўнг Вашингтонда Россия паспорти эгаларини “филтрлаш” усулларини топиш ва террорчиларнинг мамлакатга кириб келишининг олдини олиш устида ишлай бошлашган. Америкаликлар шунингдек “Путиннинг агентлари” провокация уюштириш учун мамлакатга кириб келишидан чўчишмоқда, дейди адвокат.

Июн ойида The New York Post газетаси АҚШ ҳукумати Мексика чегарасида ушланган Россия ва яна бешта постсовет давлатларидан келган мигрантларни “зудлик билан чиқариб юбориш”ни бошлашини маълум қилган эди. Нашрнинг маълумотларига кўра, Калифорниядаги чегара хизмати юздан ортиқ давлатлардан келган мигрантларни мамлакатга киритиш буйруғини олган. Бироқ Россия, Гуржистон, Молдова, Қирғизистон, Тожикистон ва Ўзбекистон фуқаролари бундан мустасно қилинган.

Мавзуга оид