Жамият | 19:13 / 30.07.2024
11199
2 дақиқада ўқилади

Фарғонада ўқувчи қизни калтаклаган мактаб директори жаримага тортилгани маълум бўлди

Фарғонада ўқувчи қизни дарс вақтида рўмолни ечишини айтиб, уни калтаклаган мактаб директорига жазо тайинланди. Бу ҳақда Болалар омбудсмани хабар берди.

Фото: Видеодан кадр

20 май куни Kun.uz’да Фарғона вилояти Бувайда туманидаги Хорижий тилларга ихтисослашган мактабнинг 7-синф ўқувчиси рўмоли («вандамка»)ни ечмагани сабаб мактаб директори томонидан калтакланганига оид хабар эълон қилинганди

Ўшанда воқеа юзасидан Болалар омбудсмани расмий муносабат билдирган эди. Қайд этилишича, 17 май куни алгебра дарсида 2010 йилда туғилган 7-синф ўқувчиси ўғил бола синфдош ўртоғи билан оғзаки тортишиб қолган. Бироз вақт ўтганидан сўнг синфхонасига мактаб директори кириб келган, алгебра ўқитувчиси унга ўқувчилар тортишганини айтган. 

«Мактаб директори қиздан синфдоши билан нима учун жанжаллашганини, мактабга нега диний либосда рўмол ўраб келганини сўраб, рўмолни ечишни айтган. Қиз мактаб директорига гўёки гап қайтариб, рўмолини ечмаслигини айтгани учун директор қизни уриб, жароҳат етказган», – дейилади изоҳда.

Ҳолат бўйича қўзғатилган маъмурий иш материаллари Жиноят ишлари бўйича Бувайда туман судида кўриб чиқилиб, суд томонидан жорий йилнинг 27 май куни мактаб директори Р.Қ. Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 41-моддаси (ҳақорат қилиш) ҳамда 52-моддаси 2-қисми (енгил тан жароҳати етказиш) билан айбдор деб топилган ва унга нисбатан БҲМнинг 10 баробар миқдорида жарима (3,4 млн сўм) жазоси тайинланган.

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид