Жаҳон | 08:51 / 31.07.2024
3247
3 дақиқада ўқилади

Россияда Украина сафида жанг қилган хорижликларга сиртдан ҳукм чиқарилди

Россия суди америкалик ва гуржистонликни сиртдан 14 йилга, шунингдек, Латвия фуқаросини «ёлланма фаолиятда» айблаб, 13 йилга озодликдан маҳрум қилди, деб хабар берди Россия Федерацияси Тергов қўмитаси.

Фото: John Moore / Getty Images

Россияда уч нафар хорижлик «ёлланма фаолият» ва Украина томонида Россия Федерациясига қарши ҳарбий ҳаракатларда қатнашишда айбланиб, сиртдан ҳукм қилинди. 30 июл, сешанба куни Россия Федерацияси Тергов қўмитаси (ТҚ) Telegram’да АҚШ, Гуржистон ва Латвия фуқароларига нисбатан чиқарилган ҳукмларни эълон қилди.

АҚШ фуқароси сиртдан 14 йилга қамалди

Ушбу маълумотларга кўра, АҚШ фуқароси Сент-Жон Майкл-Артур Украина Қуролли кучлари томонида урушда қатнашгани учун 14 йилга озодликдан маҳрум этилган ва халқаро қидирувга берилган. 

1991 йилда туғилган денгиз пиёда аскарлари фахрийси Украинага 2022 йил феврал ойида келган ва Халқаро легион таркибида «ойига камида 1000 АҚШ доллари миқдорида моддий тўлов» эвазига Россия ва «ДХР»га қарши жанговар ҳаракатларда қатнашган. Россия расмийларига кўра, Майкл-Артур 2024 йилнинг майигача Украина Қуролли кучлари сафида жанг қилган. 

Гуржистон ва Латвия фуқаролари узоқ муддатли жазога ҳукм қилинди

Бундан ташқари, Россия суди Гуржистон фуқароси Шота Деметрашвили ва Латвия фуқароси Анинш Атварсга нисбатан ҳукм чиқарди, улар ҳам қуролли можарода «ёлланма аскар сифатида» қатнашганликда айбдор деб топилди. Баёнотда таъкидланганидек, улар 2022 йилда «моддий мукофот олиш учун» Украинага келган ва Россия Қуролли кучларига, шунингдек, «ДХР» ва «ЛХР» деб номланган ҳудудлар кучларига қарши Гуржистон миллий легиони ва Украина ҳудудий мудофаа халқаро легиони таркибида жанговар ҳаракатларда қатнашган. 

Шу билан бирга, Деметрашвили сиртдан 14 йилга, Атварс 13 йилга озодликдан маҳрум этилди. «Ушбу шахслар халқаро қидирувга берилган», — дейилади департамент хабарида.

Аввалроқ Норвегия, Финландия, Латвия, Полша, Руминия, Нидерландия, Гуржистон ва Янги Зеландия фуқаролари бундай айбловлар билан сиртдан ҳибсга олингани ҳақида хабар берилган эди. Умуман олганда, Россия Федерацияси Украина томонида ҳарбий ҳаракатларда қатнашганликда айбланган 700 га яқин хорижликни қидирмоқда. Ўз навбатида, Украина Россиянинг Украина давлатига қарши ҳужумида иштирок этган хорижий ёлланма аскарларни ҳам суд қиляпти. 

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид