Жаҳон | 08:35 / 31.07.2024
7854
2 дақиқада ўқилади

Толиблар Афғонистоннинг Ғарбдаги элчихоналарини тан олишдан бош тортди

Афғонистонда ҳокимиятни қўлга олган ҳаракат афғонларни «Толибон»га содиқ дипломатик ваколатхоналарга консуллик хизмати учун мурожаат қилишга чақирди. Халқаро ҳамжамият толиблар ҳокимиятини тан олмайди.

Фото: AP

Афғонистонда ҳокимият тепасида турган «Толибон» ҳаракати Афғонистоннинг Германия ва бошқа Ғарб мамлакатларидаги элчихоналари томонидан берилган визалар ва паспортларни тан олишдан бош тортди. Бу ҳақда Афғонистон ҳукуматининг 30 июл, сешанба куни Х ижтимоий тармоғида эълон қилинган хабарида айтилади.

Толиблар назоратидаги Афғонистон Ташқи ишлар вазирлиги Берлин ва Бонндаги, шунингдек, Австрия, Швейцария, Белгия, Полша ва Европа ҳамда ундан ташқаридаги бошқа мамлакатлардаги элчихоналар ва консулликлар томонидан берилган паспорт, визалар ва бошқа ҳужжатларни тан олмаслигига аниқлик киритди. Толиблар хориждаги афғонлар ва Афғонистонга боришни хоҳловчи хорижликларни хориж давлатларидаги содиқ ваколатхоналарига консуллик хизмати бўйича мурожаат қилишга чақирди. 

Ҳаракат вакилларига кўра, улар толиблар билан «ўзбошимчалик» ва «мувофиқликсиз» ҳаракат қилишга йўл қўйган афғон дипломатик миссиялари билан ҳамкорлик қилишдан бош тортишади. Янги чора фақат толибларнинг хорижий миссиялар устидан назоратни тиклашга уриниши бўлиши мумкин, деб ёзади dpa агентлиги. 

Толиблар дипломатлари бир қанча мамлакатларда ишлаяпти 

«Толибон» Афғонистонда ҳокимиятни 2021 йил августида қўлга киритган эди. Ҳаракат мамлакатда республика ўрнига ислом амирлигини эълон қилди ва ўтиш даври ҳукумати тузилганини билдирди. Афғонистоннинг хориждаги дипломатик ваколатхоналари собиқ ғарбпараст ҳукумат томонидан тузилган, уларнинг аксарияти толибларга бўйсунишдан бош тортган. 

Ҳеч бир давлат толибларнинг Афғонистон устидан ҳукмронлигини расман тан олмаган. Аммо Россия, Хитой, Эрон ёки Покистон каби мамлакатларда толибларнинг янги элчилари иш бошлади.

Мавзуга оид