Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Украина молия вазирлиги: 2025 йилда Киевга Ғарбдан 15 млрд доллар керак бўлади
Украина молия вазири Сергей Марченконинг таъкидлашича, Киев бюджет тақчиллигини қоплаш учун, хусусан, солиқларни ошириш орқали ҳаракат қилмоқда.
Россия билан давом этаётган уруш фонида Украина 2025 йилда Ғарбдан 12-15 миллиард доллар миқдорида қўшимча молиялаштиришга муҳтож бўлади. Бу ҳақда Украина молия вазири Сергей Марченко 30 июл, сешанба куни «РБК-Украина» интернет нашрига берган интервюсида айтиб ўтиб, бундай прогнозлар Киевда Халқаро валюта жамғармаси (ХВЖ) билан давом этаётган муҳокамаларга мос келишига ойдинлик киритди.
«Ҳозир биз ҳамкорларимиз билан доимий равишда қўшимча молиявий кафолат кераклигини муҳокама қилмоқдамиз, чунки уруш 2025 йилда давом этади ва бизда буфер бўлиши керак», деди вазир. Шу билан бирга, Марченко ХВЖ билан жорий дастурни тайёрлашда асосий параметрлардан бири урушнинг фаол босқичи 2024 йил ўрталарига қадар давом этиши сифатида белгиланганини эслатди, аммо бу прогноз амалга оширмади.
Унинг қўшимча қилишича, Украинанинг ўзи бюджет тақчиллигини қоплаш учун қўшимча маблағ излашга ҳисса қўшмоқда, хусусан солиқларни ошириш орқали. «Биз энг қийин қарорларга тайёр эканлигимизни, ўз ҳиссамизни қўшаётганимизни кўрсатамиз. 500 миллиард гривна дефицит бор, лекин 2025 йилга бориб бизга бюджетни молиялашимиз учун етарли молиявий кафолат бериш керак», - дея таъкидлади Украина молия вазирлиги раҳбари.
Россия билан уруш Украинага қанчага тушяпти?
Украина Молия вазирлиги маълумотларига кўра, Россия билан урушнинг ҳар бир куни ҳужумга учраган давлатга 120 миллион еврога тушяпти. Ушбу маълумотларга кўра, мудофаа ва хавфсизлик харажатлари Украина учун ойига 3,7 миллиард еврони ташкил қилади.
18 июл куни Украина ҳукумати «Солиқ кодексига ва Украинанинг бошқа қонунларига ҳарбий ҳолат даврида солиқ солиш ўзига хос хусусиятлари бўйича ўзгартишлар киритиш тўғрисида»ги қонун лойиҳасини маъқуллади. Liga Zakon интернет нашрининг ёзишича, ушбу ҳужжат, жумладан, жисмоний шахслар учун ҳарбий йиғимни 1,5 фоиздан 5,0 фоизга оширишни назарда тутади.
ХВЖдан Украина учун яна бир транш
ХВЖ ижроия кенгаши 28 июн куни Украинанинг тўрт йиллик кенгайтирилган молиялаштириш дастури (Extended Fund Facility Arrangement, EFF) доирасида молиялаштириш механизмини тўртинчи бор кўриб чиқишни якунлади. Натижада Киевга 2,2 миллиард доллар (тахминан 2 миллиард евро) миқдорида кредит транши тақдим этилиши маъқулланди, деб хабар қилди ХВЖ матбуот хизмати.
«Қийин шароитларга қарамай, Украинанинг EFF доирасидаги иқтисодий кўрсаткичлари кучлилигича қолмоқда. Март ойи охирида барча миқдорий кўрсаткичларга эришилди ва июн охиригача бўлган барча тузилмавий кўрсаткичлар ўз вақтида ёки бироз кечикиш билан амалга оширилди», дейилади пресс-релизда. ХВЖ экспертларининг фикрича, «Украина иқтисодиёти барқарорлигича қолмоқда, гарчи унинг истиқболлари ниҳоятда ноаниқ».
2023 йил март ойида ХВЖ Украинага 48 ойлик кенгайтирилган молиялаштириш дастури доирасида 15,6 миллиард доллар ажратишни маъқуллади.
ХВЖдан Украина иқтисодий ривожи бўйича прогнозлар
Шу фонда ХВЖ Украинанинг 2024 ва 2025 йиллардаги ЯИМ ўсиши прогнозини қайта кўриб чиқди. «Йилнинг қолган қисми ва 2025 йилга бўлган прогноз, асосан, Украина энергетика инфратузилмасига қилинган ҳужумлар ва Россиянинг Украинага қарши уруши давомийлиги ҳақидаги ноаниқлик туфайли ёмонлашди», дейилади Украина бўйича иқтисодий таҳлил ҳужжатида.
Энди ХВЖ Украина ялпи ички маҳсулотининг 2024 йилда ўсиши апрел ойидаги 3,5 фоизлик прогноздан 2,5 фоиздан 3,5 фоизгача бўлишини кутмоқда. 2025 йил учун ЯИМ ўсиши прогнози 6,5 фоиздан 5,5 фоизга туширилди.
Маълумотларга кўра, бугунги кунда Украина давлат бюджетининг ярмидан кўпи хорижий кредитлар ва молиявий ёрдам ҳисобидан молиялаштирилади.
Мавзуга оид
21:15 / 23.06.2026
Россия Украина билан «2022 йилдаги Истанбул келишувлари асосида» музокаралар олиб боришга тайёр - Путин
20:55 / 23.06.2026
Украина Қримни материк билан боғловчи кўприклардан бирини вайрон қилди
10:30 / 23.06.2026
Журналистлар: Украина урушида камида 227 минг россиялик ҳарбий ҳалок бўлган
16:13 / 22.06.2026