Жамият | 19:41 / 01.08.2024
29381
7 дақиқада ўқилади

Анор таъмли “Royal” ичимлиги машмашаси: Давлат идоралари нега қарама-қарши фикрда?

Техник регуляция инспекцияси бу ичимлик таркибида “азорубин E 122” номли ранг берувчи модда меъёрдан ортиқлигини аниқлаган (бу модда болаларнинг фаоллиги ва диққатига салбий таъсир кўрсатиши мумкин). Санэпидқўм эса ҳаммаси рисоладагидек эканини айтмоқда. Kun.uz ҳолат юзасидан суриштирув олиб борди.

31 июл куни Техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасида назорат инспекцияси “Royal” бренди остидаги анор таъмли ичимликлар борасида ўз ўрганишлари натижаларини ОАВга тақдим этди.

Инспекцияга кўра, лаборатория хулосасига асосан ичимлик таркибида “азорубин E 122” моддаси белгиланган меъёрдан ортиқлиги маълум бўлган.

UzTR.490-022:2017 “Озиқ-овқат маҳсулотларини тамғалаш юзасидан унинг хавфсизлиги тўғрисидаги умумий техник регламент”нинг 36-бандига мувофиқ, таркибида ранг берувчилар (E122 azorubin, E сариқ хинолин, FCF E110 сариқ “қуёш ботиши”, AC E129 қизил мафтункор, 4Р E124 понсо ва E102 тартразин) мавжуд бўлган озиқ-овқат маҳсулотлари учун “Таркибида ранг берувчи (ранг берувчилар) мавжуд, улар болаларнинг фаоллигига ва диққатига салбий таъсир кўрсатиши мумкин” деган огоҳлантирувчи ёзув ёзилиши керак”, – дейилади расмий изоҳда.

Инспекция, юқоридагиларни инобатга олиб, бир қанча қонунлар ва техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатлар талабларини бажармаслик қонунбузилишига олиб келишини эслатган.

Kun.uz сўровига асосан, инспекциянинг бу хулосасига асос бўлган синовлар баённомаси тақдим этилди.

Баённомада “Royal” савдо бренди остидаги анор шарбати таркибида “азорубин E 122” моддаси 126,4 мг/кг миқдорда чиққани, меъёр эса 57 мг/кг экани кўрсатилган.

Афғонистонда ишлаб чиқарилган маҳсулотни Ўзбекистонга “Tash Royal Drink” МЧЖ импорт қилади. Корхона вакилларининг Kun.uz'га билдиришича, бу маҳсулот турини сертификатлаш Техник жиҳатдан тартибга солиш агентлиги ваколатига кирмайди. Маҳсулот учун Санитария-эпидемиология қўмитасининг тегишли бўлинмаси томонидан санитария-эпидемиология хулосаси олинган.

Импортёрга кўра, бу ичимлик Ўзбекистонга 2019 йилдан буён импорт қилинади. Ва мана шу давр ичида кўп маротаба тегишли ташкилотлардан мувофиқлик сертификатлари олинган.

Kun.uz сайтига тақдим этилган яна бир ҳужжатдан кўринишича, Ўзбекистон Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитаси жорий йил июл ойида “Royal” бренди остида ишлаб чиқарилган, газланган, алкоголсиз, таркибида Е-122 бўёқлари мавжуд бўлган (“Золотая жизнь”, Pure, Royal, Paradise, Shahd Ara, Piramida) ичимликларни хавфлилик даражаси кам маҳсулотлар сифатида қабул қилган.

Шунга мувофиқ, жорий йил 15 июл куни қўмитанинг Зангиота туман бўлими томонидан Royal ичимлиги учун санитария нормалари ва қоидаларига мос келиши ҳақида 456241-сонли хулоса тақдим этилган.

15 июл кунги хулоса – бу ичимликларни такрорий текшириш маҳсули ҳисобланади. Санэпидқўмнинг 5 июл кунги ахборотида, Афғонистонда ишлаб чиқарилган, анор таъмли ичимликларнинг ҳар бир партиясига ижобий хулоса берилгани, шундай бўлса-да, такрорий таҳлиллар ўтказилиши маълум қилинганди.

Kun.uz Техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасида назорат инспекцияси матбуот хизмати ходими Шерали Сатторов билан боғланиб, нима учун икки ташкилотнинг хулосаларида кескин қарама-қаршилик юзага келгани билан қизиқди.

Унинг айтишича, лобаратория синовлари ташкилот ходимларининг бозорда олиб борган назорат тадбирида сотув растасидан танлаб олинган ичимлик устида ўтказилган. Инспекция ходимига кўра, Санэпидқўмда “азорубин E 122” моддаси миқдорини текшириш имконияти мавжуд эмас.

2019 йилдан буён импорт бўлаётган маҳсулот нега энди (2024 йилга келиб) сифат назоратига текширилгани ҳақидаги саволга Шерали Сатторов аввал ташкилотда бундай ваколат бўлмагани, Вазирлар Маҳкамасининг 2024 йил 1 июлдаги 370-сон қарори билан ташкилотга назорат қилинадиган маҳсулотлар кўрсаткичларини белгиланган талабларга мувофиқлигини текшириш мақсадида ташкилотларда реализация қилинадиган ва сақланадиган (импорт бўйича олиб келинадиган ва маҳаллий ишлаб чиқарилган) маҳсулотларни назорат харидини ўтказиш йўли билан давлат назоратини амалга ошириш ваколати берилганини маълум қилди.

Инспекция ҳолат бўйича эндиликда қандай йўл тутмоқчи? Шерали Сатторовнинг сўзларига кўра, идора жамоатчилик ва ОАВни ҳам жалб этган ҳолда такрорий текширув ўтказади. Агар такрорий текширувда ҳам бирламчи хулоса тасдиқланса, у ҳолда тегишли чора кўриш учун инспекция томонидан Санэпидқўмга мурожаат қилинади.

Kun.uz бу борадаги саволларни Санэпидқўмга ҳам юборди.

Азорубин E 122” моддаси нима?

Азорубин (кармуазин, E122) – озиқ-овқат бўёқлари-қўшимчалари гуруҳига кирувчи синтетик модда. Одатда термик ишланган маҳсулотларга ранг бериш ёки рангини тиклаш учун ишлатилади. Азорубин, кармуазин озиқ-овқат қўшимчаларининг халқаро таснифида Е122 индексига эга.

Азорубин, кармуазин – синтетик азобўёқ, сувда яхши эрийдиган қизил ёки тўқ қизил майда гранулалар ёки кукун. Азорубин инсон саломатлиги учун хавфли бўлган тошкўмир қатрони ҳосиласидир. Е122 озиқ-овқат қўшимчаси канцероген сифатида тан олинган ва саломатликка хавф туғдиради.

Азорубин, кармуазин – бу жиддий оқибатларга, ҳатто бўғилишга олиб келиши мумкин бўлган кучли аллерген, жумладан, бронхиал ва аспиринли астма (ҳарорат туширадиган воситаларга аллергияси бор) билан оғриган одамлар айниқса эҳтиёт бўлиши керак.

Таркибида Е122 бор маҳсулотларни истеъмол қилиш концентрацияни пасайтиради ва болаларда гиперактивликни оширади. Тадқиқотлар шуни кўрсатадики, Азорубин буйрак усти пўстлоғига салбий таъсир кўрсатиб, ринит ва кўриш қобилиятининг лойқаланишини келтириб чиқаради. ЖССТ маълумотларига кўра, Е122 моддасининг максимал рухсат этилган суткалик дозаси 4 мл/кг дан ошмаслиги керак.

Турли мамлакатларда (жумладан, Ўзбекистонда) Е122 Азорубин, кармуазин истеъмол стандартларига қатъий риоя қилган ҳолда озиқ-овқат бўёқлари қўшимчаси сифатида фойдаланиш учун рухсат этилган.

Маълумот учун, Қирғизистон ва Қозоғистоннинг айрим ҳудудларида анор таъмли ичимликларнинг бир қанча турлари, хусусан Royal савдо белгиси остидаги ичимликлар сотувдан чиқарилаётгани ҳақида хабарлар тарқалган.

Мавзуга оид