Жаҳон | 08:11 / 01.08.2024
3321
3 дақиқада ўқилади

Россия чегарачилари Ереван аэропортини расман тарк этди

Россия чегарачилари Звартноц назорат-ўтказиш пунктида арман чегарачилари билан бирга 1992 йилдан буён ишлаган. Энди Ереван илтимосига кўра, улар Арманистон пойтахти аэропортидан олиб чиқиб кетилди.

Фото: DW/A. Gazazyan

Россия чегарачилари 31 июл, чоршанба куни Еревандаги Звартноц аэропортидаги назорат-ўтказиш пунктини расман тарк этишди. News.am нашрининг хабар беришича, ҳаво пунктида давлат чегарасини қўриқлашни Арманистон томонига ўтказиш тўғрисидаги протоколни Арманистон Миллий хавфсизлик хизмати (МХХ) чегара қўшинлари қўмондони Эдгар Унанян ва Россия "ФСБ"нинг Арманистондаги чегара бўлими бошлиғи, генерал-лейтенант Роман Голубицкий имзолади.

Ҳужжатда таъкидланишича, арман томони Россия томонига «чегара назоратини таъминлаш бўйича узоқ муддатли қўшма хизмати учун» миннатдорчилик билдирган ва «Россия томонига ҳеч қандай даъвоси йўқ».

Россия чегарачилари соат 14:00 дан бошлаб Звартноц аэропортида паспорт назорати ўтказишни тўхтатди, деди Арманистон парламенти спикери Ален Симонян. «Мен арман чегарачиларига яхши ва хавфсиз хизмат кўрсатишини тилайман», деб ёзди у.

Россия чегарачилари 1992 йилдан буён давлатлараро келишувга мувофиқ, арманлар билан биргаликда Звартноц назорат-ўтказиш пунктида ишлаган.

2024 йил феврал ойида Арманистон ҳукумати республиканинг Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилоти (КХШТ)даги аъзолиги музлатилганини эълон қилди. Кўп ўтмай, мамлакат парламенти спикери Ален Симонян Россия "ФСБ" чегара хизмати зобитларини Ереван аэропортидан олиб чиқишга чақириб, буни рус қўшинлари Арманистон «чегараларини ҳимоя қилмаслиги» билан асослади. Шу йилнинг март ойида Ереван Россия расмийларидан пойтахт аэропортида чегара хизмати ишини тўхтатишни расман талаб қилган эди.

Арманистонда "ФСБ" чегарачиларининг роли ҳақидаги мунозараларга Украинага қарши урушдан қочган россиялик Дмитрий Сетраков иштирокидаги воқеа ҳам сабаб бўлди. 2023 йил декабрида Россия хавфсизлик кучлари ўз ҳаракатлари ҳақида Арманистон ҳуқуқ-тартибот идораларини хабардор қилмай, Сетраковни Ереванда қўлга олди. Кейинроқ Сетраков Россияга депортация қилинган. Арманистонлик ҳуқуқ ҳимоячилари россиялик чегарачиларнинг ҳаракатларини «Арманистон ҳуқуқ тизимига ҳужум» деб атади.

Мавзуга оид