Жаҳон | 13:44 / 02.08.2024
2337
2 дақиқада ўқилади

Байден Нетаняҳу билан суҳбатда «минтақадаги кескинликни камайтириш муҳимлигини» таъкидлади

АҚШ президенти Исроил бош вазири Бинямин Нетаняҳу билан ҲАМАС етакчиси вафотидан кейин биринчи марта телефон орқали мулоқот қилди.

Фото: AP

АҚШ президенти Жо Байден Исроилни тўлиқ қўллаб-қувватлади ва «минтақадаги кескинликни камайтиришга қаратилган саъй-ҳаракатлар муҳимлигини» таъкидлади.

Оқ уй маълумотларига кўра, Байден Исроил бош вазири Бинямин Нетаняҳу билан телефон орқали мулоқот қилган. Суҳбатда вице-президент Камала Ҳаррис ҳам иштирок этди.

Оқ уй баёнотида қайд этилишича, суҳбат давомида Байден Исроилга хавфсизлик кафолатларини берган.

«Президент Исроил хавфсизлигини Эрон ва унинг ҲАМАС, «Ҳизбуллоҳ» ҳамда ҳусийчилар каби террорчилик тармоғидан келаётган барча таҳдидлардан ҳимоя қилишга содиқлигини таъкидлади», — дейилади баёнотда.

Байден ва Нетаняху, шунингдек, Американинг Исроилга янги ҳарбий таъминоти, хусусан, баллистик ракеталар ва учувчисиз учоқларга қарши ҳимоя мавзуларини ҳам муҳокама қилди. 

Бошқа томондан, Америка етакчиси Яқин Шарқдаги кескинликни камайтириш учун давом этаётган саъй-ҳаракатларнинг муҳимлигини таъкидлади. 

Байден ва Нетаняху ўртасидаги музокаралар Фаластиннинг ҲАМАС ҳаракати сиёсий бюроси раҳбари Исмоил Ҳания Теҳрондаги суиқасд натижасида вафот этганидан кейин биринчи марта бўлиб ўтди. 

Оқ уй баёнотида суҳбатдошлар Ҳаниянинг ўлдирилишини қоралагани ёки буни қилмагани, айтилмаган.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид