Жаҳон | 23:38 / 02.08.2024
4500
2 дақиқада ўқилади

Ҳаррис президентликка номзод сифатида кўрсатилиши учун етарли овоз тўплади

Демократик партия делегатларининг овоз бериш жараёни 6 августгача давом этса-да, Ҳаррис керакли миқдордаги овозларни тўплашга муваффақ бўлди.

Фото: AP

АҚШ вице-президенти Камала Ҳаррис Демократик партия қурултойида делегатлар томонидан 2024 йилги сайловда президентликка расман номзод қилиб кўрсатилиши учун етарли овоз тўплади. Бу ҳақда AP хабар берди.

«Овоз бериш жараёни «унга кўпчилик овоз бериб бўлди» деб айтилиши мумкин бўлган чегарани кесиб ўтди», дейилади агентлик баёнотида.

Бироқ, эслатилишича, овоз бериш жараёни фақат 5 август оқшомида (Тошкент вақти билан 6 август соат 3:00 да) тугайди.

Демократик партия қурултойидаги электрон сайлов бюллетенларида фақат Камала Ҳарриснинг исми кўрсатилган. Расмий равишда президентликка номзод сифатида кўрсатилиши учун уни камида 1976 нафар делегат қўллаб-қувватлаши керак эди.

Партия маълумотларига кўра, аввалроқ мамлакатнинг турли минтақалари вакили бўлган 3923 нафар делегат Ҳаррис номини сайлов бюллетенига қўйишни сўраб мурожаат қилган.

Шундай қилиб, Ҳарриснинг номзод сифатида расман тасдиқланиши 19 август куни Чикагода очиладиган Демократик партия конвенциясидан (қурултойидан) икки ҳафта олдин юз бериши мумкин. У ерда ҳам овоз бериш жараёни бўлиб ўтади, бироқ фақат расмиятчилик характерга эга бўлади.

АҚШ президенти сайлови 2024 йил 5 ноябрга белгиланган.

Мавзуга оид