Кун ҳали эрталигига қарамай ҳаво аллақачон исиб кетганди. Чиеко Кириаке пешонасидаги терни артганда юзига соя тушди. Кўзни қамаштирадиган нурни 15 ёшли қиз илгари ҳеч қачон кўрмаганди. 1945 йил 6 август, соат 08:15 эди. "Мен қуёш ботди деб ўйладим ва бошим айланиб кетди", деб эслайди у.

АҚШ Кириакенинг она шаҳри Ҳирошимага атом бомбасини ташлади ва бу тарихда урушда ишлатилган илк атом бомбаси бўлди.

Европада Германия таслим бўлган бир пайтда, Иккинчи жаҳон урушида жанг қилган Иттифоқ кучлари ҳали ҳам Япония билан урушаётган эди.

Тиеко талаба эди, лекин кўплаб катта ўқувчилар сингари, уруш пайтида фабрикаларга ишлашга юборилганди. У ярадор дўстини опичлаб кўтариб, гандираклаб мактабига борди. Кўпгина талабалар қаттиқ куйишганди. Чиеко уй хўжалиги синфидаги эски мойни уларнинг яраларига суртди.

“Бу биз уларга қилишимиз мумкин бўлган ягона муолажа эди. Яраланганлар бирин-кетин вафот этди”, - дейди Чиеко.

“Ўқитувчиларимиз омон қолган юқори синф ўқувчиларга ўйин майдончасида чуқур қазишни буюрди ва мен ўз қўлларим билан синфдошларимни куйдирдим (кремация қилдим). Шу онда уларни ўйлаб даҳшатни ҳис қилдим”.

Чиеко ҳозир 94 ёшда. Ҳиросима ва Нагасакига атом бомбалари ташланганига қарийб 80 йил бўлди ва омон қолганлар Японияда ҳибакуша деб аталади. Улар ҳикояларини айтиб бериши учун эса вақт тугаб боряпти.

Ядровий ҳужумдан кейин кўпчилик соғлиғи билан боғлиқ муаммолар билан яшаган, яқинларини йўқотган ва дискриминацияга учраган.

Чиеко Кириаке - атом бомбаси ҳужумидан олдин ва ҳозир

"Одамлар 75 йил давомида бу ерда ўт-ўлан ўсмайди деб айтишганди, лекин кейинги баҳорда чумчуқлар қайтиб келди”,- дейди Чиеко.

Чиеконинг сўзларига кўра, у умри давомида кўп марта ўлим билан юзлашган, аммо қандайдир буюк куч ўзини асрашига ишонган.

Бугунги кунда тирик қолган ҳибакушаларнинг аксарияти портлашлар пайтида бола бўлган. Ҳибакуша - сўзма-сўз "бомбадан зарар кўрган одамлар" деб таржима қилинади. Улар кексайгани сари, дунёда можаролар кучайиб борди. Ҳибакушалар ҳозир ядро хавфини ҳар қачонгидан ҳам реалроқ деб ҳисоблайди.

86 ёшли Мичико Кодама Россиянинг Украинага бостириб кириши ва Исроилнинг Ғазога қарши уруши каби бугунги кунда дунёда кечаётган можаролар ҳақида ўйлар экан, "Танам титраяпти, кўз ёшларим тўкиляпти. Биз атом бомбасидек дўзахнинг такрорланишига йўл қўймаслигимиз керак. Мен инқирозни ҳис қиляпман", - дейди.