Жаҳон | 11:41 / 06.08.2024
6174
2 дақиқада ўқилади

Россия тунда Киевга яна ҳужум қилди: 4 та ракета уриб туширилди

Россия Қуролли кучлари Киев вилояти томон 4 та «Искандар» ракетаси ва 2 та Х-59 авиацион ракеталарини учирди, деб хабар берди Украина Қуролли кучлари Ҳаво кучлари. Бундан ташқари, Украина ҳудудида 16 та Shahed дронидан 15 таси йўқ қилинган.

Фото: Gleb Garanich/Reuters

Россия Украина ҳудудига яна тунги ҳужум уюштирди. 6 август, сешанбага ўтар кечаси Россия Қуролли кучлари Воронеж вилояти ҳудудидан Киев вилоятига тўртта «Искандер-М/»KN-23 баллистик ракеталарини ва Азов денгизи устидаги ҳаво ҳудудидан иккита Х-59 бошқариладиган авиацион ракеталарини учирди, деб хабар берди Украина Қуролли кучлари Ҳаво кучлари қўмондони Николай Олешчук. 

Бундан ташқари, унинг сўзларига кўра, россияликлар Қримдаги Чауда бурунидан ва Курскдан 16 та Shahed типидаги ҳужумкор дронлари билан Украинага ҳужум қилган. «Ҳаво жанги натижасида Киев, Херсон, Миколайив ва Хмелницкий вилоятларида иккита «Искандер-М/»KN-23 баллистик ракетаси, иккита Х-59 бошқариладиган ракета ва 15 та ҳужумкор УУА уриб туширилди», — деди Олешчук. 

Киевда бир қанча бинолар зарар кўрган

Ўз навбатида, Киев шаҳар ҳарбий маъмурияти Киев ва унинг атрофидаги йўналишдаги ракета зарбаси 5 август куни соат тахминан 23.00 да амалга оширилганини маълум қилди. «Ҳозирги вақтда Киевда вайронагарчиликлар қайд этилмаган, қурбонлар ҳақида маълумот олинмаган», — дейилади Telegram’да. 

Киев вилояти ҳарбий маъмурияти (ВҲМ) раҳбари Руслан Кравченко кўп қаватли уй, иккита ёнилғи қуйиш шохобчаси, кўп қаватли офис биноси ва ўрмончининг уйига етказилган зарар ҳақида ёзди. «Уй-жой ёки муҳим инфратузилмага зарбалар бўлмади», — деди у. 

Шу билан бирга, Харкив ВҲМ раҳбари Олег Синегубов кеча тунда Харкив вилоятининг Циркуни қишлоғи ўққа тутилгани, натижада турар жой биноси ёниб кетганини маълум қилди. Бундан ташқари, тунги отишма пайтида Купянск тумани, Купянск-Узловой шаҳридаги хусусий уй зарар кўрган, дея қўшимча қилди у.

Мавзуга оид