Ўзбекистон | 17:33 / 06.08.2024
12610
2 дақиқада ўқилади

Сурхондарёда поезд билан тўқнашган Lacetti ҳайдовчиси вафот этди

24 ёшли ҳайдовчи темирйўл кесишмасида светофорнинг тақиқловчи чироғига бўйсунмай ҳаракатланган. Бунинг оқибатида унинг бошқарувидаги Lacetti машинаси Сариосиё-Термиз йўловчи поезди билан тўқнашган.

Қумқўрғон туманида инсон ўлими билан боғлиқ ЙТҲ содир бўлди. Бу ҳақда Сурхондарё вилояти ИИБ ЙҲХБ матбуот хизмати хабар берди.

Маълум қилинишича, ЙТҲ бугун соат 12:40 ларда Қумқўрғон туманининг Жозиба маҳалласи ҳудудида содир бўлган. 2000 йилда туғилган ҳайдовчи Lacetti машинасини бошқариб бораётиб, Қумқўрғон-Элбаён темирйўл бекати оралиғидаги темирйўл кесишмасида светофорнинг тақиқловчи чироғига бўйсунмай ҳаракатланган. Оқибатда машина Сариосиё-Термиз йўналишида ҳаракатланиб келаётган йўловчи поезди билан тўқнашган.

Ҳайдовчи оғир тан жароҳати олиб, воқеа жойида вафот этган.

Ҳолат юзасидан Қумқўрғон тумани ИИБ Тергов гуруҳи томонидан терговга қадар суриштирув ишлари бошланган.

Сурхондарёда йўловчи поездлар ва машиналар ўртасида ЙТҲлар кўп содир бўлади. Масалан, 2023 йил сентябр ойида Саросиё-Термиз йўналишидаги йўловчи поезди Зартепа-Сурхон темирйўл бекатлари оралиғида Nexia машинасини, 2023 йил июн ойида эса Қумқўрғон-Элбаён темирйўл бекати оралиғида “Жигули”ни уриб юборганди. 2023 йил 18 октябр куни эса Сурхондарё вилоятидаги темирйўл кесишмасида тепловоз Spark автомашинаси билан тўқнашган ва бунинг оқибатида Spark ҳайдовчиси шифохонага етказилган ва кўрсатилган ёрдамга қарамай вафот этган.

Мавзуга оид