Жаҳон | 08:25 / 06.08.2024
1141
2 дақиқада ўқилади

TikTok мукофотлаш дастурини ЕИдаги иловаларидан олиб ташлайди

TikTok ижтимоий тармоғи Еврокомиссия талабларини қондирди ва ЕИда ўз иловаларида мукофотлаш дастуридан фойдаланмасликка ваъда берди.

Европа комиссияси (ЕК) TikTok онлайн платформасига TikTok Lite иловасидаги мукофотлаш дастурини бекор қилишни буюрди, чунки у Европа рақамли хизматлар қонуни (Digital Services Act, DSA)ни бузади. Бу ҳақда 5 август, душанба куни ЕК расмий сайтида чоп этилган хабарда айтилади

Мукофот дастури фойдаланувчиларга видео томоша қилиш, лайк босиш, обуна бўлиш ва дўстларни таклиф қилиш каби маълум «топшириқлар»ни бажарганлик учун балл тўплаш имконини беради. Европа комиссияси маълумотларига кўра, дастур «биринчи навбатда, платформаларнинг, айниқса болаларга қарамлик таъсири билан боғлиқ хавфларни чуқур баҳоламасдан ва хавфларни камайтириш бўйича самарали чоралар кўрмасдан» бошланган. 

Еврокомиссиянинг TikTok’га қарши текширувлари

ЕК пресс-релизига кўра, TikTok ижтимоий тармоғи мукофотлаш дастурини Европа Иттифоқидаги иловаларидан бутунлай олиб ташлашга ва бу тақиқни четлаб ўтадиган бошқа дастурни ишга туширмасликка ваъда берди. Ушбу мажбуриятларга риоя қилмаслик Рақамли хизматлар тўғрисидаги қонунни бузишга ва жаримага олиб келиши мумкин, дейилади хабарда. Ушбу қарор билан Европа комиссияси Испания ва Францияда TikTok Lite иловаси ишга туширилгандан кўп ўтмай, 22 апрел куни ижтимоий тармоққа қарши очилган расмий суд жараёнини ёпди. 

19 февралда бошланган TikTok бўйича яна бир текширув давом этмоқда. Брюсселга кўра, у «вояга етмаганларни ҳимоя қилиш, реклама шаффофлиги, тадқиқотчиларнинг маълумотларга кириши ва ўзига қарам дизайн ва зарарли контент билан боғлиқ хавфларни бошқаришга» қаратилган. Агар TikTok DSA қоидаларини бузганликда айбдор деб топилса, ижтимоий тармоқ глобал айланмасининг 6 фоизигача жаримага тортилади. 

Мавзуга оид