Жаҳон | 07:59 / 07.08.2024
6764
4 дақиқада ўқилади

Гуржистон президенти: Россия Абхазияда ҳарбий-денгиз базасини қурмоқда

Агар мухолифат сайловларда ғалаба қозонса, демократия ва Европа Иттифоқига интеграцияни ривожлантириш учун муҳим қадамлар қўйилади, деди Саломе Зурабишвили.

Фото: Anadolu agency

Гуржистон президенти Саломе Зурабишвили Россия Абхазияда ҳарбий-денгиз кучлари учун янги доимий база яратиш устида иш олиб бораётганини айтди: «Бу нафақат биз учун, балки Қора денгизнинг бутун хавфсизлиги учун муаммо», — дея қўшимча қилди президент.

Тбилисида маҳаллий ва халқаро оммавий ахборот воситалари вакиллари билан учрашувда Зурабишвили Россиянинг Гуржистондан мустақиллигини бир томонлама эълон қилган Абхазиядаги Қора денгиз соҳилида янги доимий Россия ҳарбий-денгиз кучлари базасини яратиш қарорини танқид қилди. 

Унинг сўзларига кўра, руслар ушбу портни ривожлантириш бўйича дастлабки ишларни бошлаб юборган: «Очамчирада дастлабки ишлар олиб борилмоқда. Бу жиддий муаммо, чунки бу нафақат биз учун, балки Қора денгизнинг бутун хавфсизлиги учун ҳам муаммодир». 

Зурабишвили Гуржистон бош вазири Ираклий Кобахидзе ва бутун ҳукуматни Абхазия ва Жанубий Осетия ҳудудларига нисбатан самарали сиёсат юритмаётганликда айблади. Зурабишвили бу икки минтақа аҳолисига Гуржистон фуқаролиги берилиши керак, деб ҳисоблайди ва бу ҳудудларда яшовчи одамларда Гуржистон ва унинг имкониятларига қизиқиш кучайганини илгари сурди. 

Озарбойжон-Арманистон муносабатлари

Президент «Анадолу» агентлиги мухбирининг Франция Арманистонга қурол етказиб беришлари Жанубий Кавказда, жумладан Гуржистонда мустаҳкам тинчликка эришиш жараёнига, Озарбойжон ва Арманистон ўртасида тинчлик шартномаси имзоланишига қандай таъсир қилиши ҳақидаги саволига жавоб берди. 

Зурабишвили Франциянинг Арманистонга қурол етказиб бериш масаласини тўғридан тўғри баҳолашни истамаслигини айтди ва: «Бошқа давлат сиёсати ҳақида ҳеч қандай тасаввурга эга эмасман», деб қўшимча қилди.

Унинг сўзларига кўра, Озарбойжон ва Арманистон ўртасидаги можаро ҳали тугамаган: «Биз Гуржистон учун бу можарога барҳам бериш муҳимлигини жуда яхши биламиз». 

Зурабишвилининг қайд этишича, Гуржистон икки давлат ўртасида ташкил этиладиган музокараларга катта ҳисса қўшиши мумкин. 

«АҚШнинг Гуржистонга ёрдамни тўхтатганидан ҳайрон эмасман»

Зурабишвили, шунингдек, Гуржистон ҳукумати томонидан киритилган «хорижий таъсирнинг шаффофлиги» тўғрисидаги қонун тасдиқланиши ортидан ўз мамлакатининг АҚШ ва Европа Иттифоқи (ЕИ) билан муносабатларидаги муаммоларга ҳам тўхталиб ўтди. 

Қонунни танқид қилар экан, у 26 октябрда бўлиб ўтадиган умумий сайловда амалдаги ҳукумат ғалаба қозонмаслиги ва янги ҳукумат Ғарб билан муносабатларини қайта йўлга қўйиши кераклигини айтди. 

Президент Зурабишвили агар мухолифат сайловларда ғалаба қозонса, технократик ҳукумат тузилади, демократия ва Европа Иттифоқига интеграцияни ривожлантириш йўлида муҳим қадамлар қўйилади, деди. 

Зурабишвили АҚШ маъмуриятининг ўз мамлакатида баҳс-мунозараларга сабаб бўлган «ташқи таъсир қонуни» туфайли Гуржистонга 95 миллион долларлик ёрдамни тўхтатиш, АҚШ-Гуржистон қўшма ҳарбий машғулотларини қолдириш ва Гуржистоннинг ЕИга аъзо бўлишини кечиктириш ҳақидаги қарорларини изоҳлар экан, бу қарорлар умуман ҳайратланарли эмас, деди. 

Гуржистон президенти Қўшма Штатлар Гуржистонга кўп соҳаларда ёрдам бераётганини таъкидлаб, Вашингтон «Тбилиси ҳукуматининг нотўғри сиёсатига» жавоб берганини айтиб ўтди.

Саломе Зурабишвили АҚШнинг Гуржистон ҳукумати ҳаракатларига муносабатини тушунишини, бироқ Гуржистон армиясига ёрдамнинг чекланиши унга тушунарсиз эканлигини айтди.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид