Жаҳон | 07:54 / 07.08.2024
1276
2 дақиқада ўқилади

ЕИ кенгаши Украинага 4,2 млрд евро ажратишни маъқуллади

Маблағлар Украинанинг макромолиявий барқарорлигини ва унинг давлат бошқаруви фаолиятини қўллаб-қувватлашга йўналтирилади. Бу йил Европанинг Киевга молиявий ёрдами миқдори 12 миллиард еврога етади. 

Фото: Getty Images

Европа Иттифоқи кенгаши Киевга Украинага ёрдам жамғармасидан 4,2 миллиард евро ажратишни маъқуллади. Бу ҳақда жорий йилнинг иккинчи ярмида Европа Иттифоқига раислик қилаётган Венгрия 6 август, сешанба куни Х ижтимоий тармоғида маълум қилди. Ушбу қарор Украинанинг макромолиявий барқарорлигини ва унинг давлат бошқаруви фаолиятини қўллаб-қувватлайди, дейилади баёнотда. 

17 июл куни Еврокомиссия ушбу маблағларни ажратишни қўллаб-қувватлади. Унга кўра, механизм доирасида Россиянинг ҳужуми акс эттираётган Украинага молиявий ёрдам миқдори жорий йилда 12 миллиард еврога етади.

ЕИ кенгаши 2024 йил февралида Украинага 50 миллиард евролик Европа ёрдам жамғармасини ташкил этишни маъқуллади. Тўрт йилга – 2024-2027 йилларга мўлжалланган ушбу маблағлар грант ва кредитлар кўринишида берилиши режалаштирилган. Улар Украина давлатининг қисқа муддатли эҳтиёжларини ҳам, мамлакатни қайта қуриш ва модернизация қилиш бўйича ўрта муддатли вазифаларни ҳал қилишни ҳам таъминлаши керак. 

Бир кун аввал АҚШ Жаҳон банкининг PEACE in Ukraine дастури орқали Украинага 3,9 миллиард доллар миқдорида молиявий ёрдам кўрсатган эди. 

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид