Жаҳон | 07:40 / 07.08.2024
3090
3 дақиқада ўқилади

ЕИ Россия ҳарбийларининг Абхазия ва Жанубий Осетиядаги мавжудлигини қоралади

Европа Иттифоқи Россия ҳарбийлари томонидан назорат-ўтказиш пунктларининг ёпилишига ва ноқонуний қўлга олишларга қарши. Бу ҳақда Брюссел «беш кунлик уруш»нинг ўн олти йиллиги арафасида маълум қилди.

Фото: picture-alliance/dpa/S. Chirikov

Европа Иттифоқи Россия «назорати остидаги бўлгинчи Абхазия ва Жанубий Осетия ҳудудларида ҳарбий иштирокини давом эттираётганини» қоралади. Тегишли баҳо Европа комиссияси расмий вакили Питер Станонинг 6 август, сешанба куни эълон қилган баёнотида келтирилган. Шарҳ Гуржистонда 2008 йил 7 августда бошланган урушнинг ўн олти йиллигига тўғри келади.

Брюсселнинг таъкидлашича, Гуржистоннинг можаролардан жабр кўрган жамоатларида инсон ҳуқуқлари, жумладан, «чегаралаш» сиёсати - назорат-ўтказиш пунктларини ёпиш ва Россия ҳарбийлари ва ноқонуний айирмачиларнинг ноқонуний қўлга олишлари натижасида поймол қилинишда давом этмоқда. Ҳужжатда: «Ҳаракат эркинлигига чеклов, инсон ҳуқуқларининг бузилиши текширилиши ва барча жабрланганлар учун адолат таъминланиши керак», дейилади.

ЕИ можарони тинч йўл билан ҳал қилишга тўлиқ содиқ қолади, шу жумладан, Европа Иттифоқининг Женева халқаро мунозаралари (GID) ҳамраиси сифатида иштирок этиши, Европа Иттифоқининг Жанубий Кавказ бўйича махсус вакили фаолияти ва Европа Иттифоқининг кузатувчилар миссияси давом этади. «Биз барча иштирокчиларни 2008 йил 12 августдаги олти бандлик келишувни тўлиқ амалга оширишга эришиш учун мунозараларда конструктив иштирок этишга чақирамиз», деб қўшимча қилди Брюссел. 

«Беш кунлик уруш»

«Беш кунлик уруш» Россия Федерациясининг ўз ҳудудидан ташқаридаги биринчи ҳарбий операцияси ҳисобланади. У 2008 йил 7 августдан 8 августга ўтар кечаси Цхинвалида бошланган.

Минтақага катта рус қўшинлари киритилди. Жанглар 12 август куни Гуржистон армиясининг мағлубияти билан якунланди. Россия ҳарбийлари Жанубий Осетия қуролли кучлари билан биргаликда гуржи қўшинларини ўз назорати остида бўлмаган ҳудуддан сиқиб чиқарди ва Тбилиси яқинида тўхтади.

Россия ҳарбийлари 2008 йил августдаги урушда 67 кишини йўқотган бўлса, Гуржистон томонида 170 киши ҳалок бўлган. Беш кун давом этган можарода жами 850 га яқин одам қурбон бўлди, икки мингга яқин киши жароҳат олди. 30 мингга яқин гуржилар Жанубий Осетиядан чиқариб юборилган, уларнинг аксарияти ҳанузгача ўз уйларига қайта олмаяпти.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид