Жаҳон | 19:32 / 08.08.2024
3155
4 дақиқада ўқилади

Бэнкси тўрт кунда 4 та янги сурат чизди. Уларнинг барчасида ҳайвонлар тасвирланган

Бэнкси ўз ишларининг бирортасига ҳозирча изоҳ бермади. Лондон аҳолиси рассомнинг суратларини ўзича талқин қилмоқда.

Фото: AP Photo

Ўзининг кимлигини сир тутувчи машҳур кўча рассоми Бэнкси тўрт кун ичида ўзининг Instagram саҳифасига Лондонда чизилган тўртта янги ишига оид суратларни жойлаштирди. Уларда шаҳар муҳитидаги ёввойи ҳайвонлар тасвирланган.

Биринчи ишга оид сурат 5 август куни эълон қилинган. Тоғ эчкисини тасвири Лондон жануби-ғарбидаги Ричмонд туманида жойлашган биноларнинг бирини деворида пайдо бўлган. Эчки деворнинг туртиб чиққан ингичка қисмида турибди. Шу билан бирга суратда деворга ўрнатилгн кузатув камераси эчкига қаратилган. Тахминларга кўра, рассом атайлаб уни буриб қўйган.

Эртаси куни Бэнкси Челсидаги Эдит Террас кўчасидаги уй деворига иккита фил тасвирини чизди. Ҳайвонлар қўшни деразалардан қараб, бир-бирига хартумлари билан интилмоқда.

Фото: AP Photo

7 август куни рассом ёввойи ҳайвонларга боғлиқ учинчи ишини намойиш этди. Уч маймун Лондон шарқий қисмидаги Брик-лейк кўчасида жойлашган темирйўл кўпригига «осилиб» турибди.

Фото: AP Photo

Бэнкси ўз ишларининг бирортасида ҳозирча изоҳ бермади. Рассомнинг суратларидан кейин Лондон аҳолиси уларни ўзича талқин қила бошлади. Айримлар эчки билан боғлиқ арт-объект маъноси оддий эканини айтмоқда — одамлар атроф-муҳитни шу қадар яксон қилиб юбордики, ҳайвонларнинг борадиган бошқа жойи йўқ. Баъзилар эса қияликда турган эчки бу инсониятнинг «ҳалокат ёқасида» тургани рамзи эканини айтмоқда. Яна бир тоифа инсонлар эътиборини эчкига қаратилган камера тортган. Уларнинг фикрича, бу замонавий дунёда ёлғиз қолиш учун жой топилмаслигига шама қилмоқда.

BBC’нинг «Бэнкси тарихи» сериали яратувчиси Жеймс Пикнинг ҳисоблашича, рассом янги суратларга боғлиқ «кампания» бошлаган. «Ҳайвонларнинг ҳар бири Лондоннинг турли қисмларида жойлашган. Кейинги сафар улар қаерда пайдо бўлади? Ҳеч ким билмайди. Сиз Бэнксининг мухлиси бўлсангиз бу жуда қизиқ ва август ойида Лондон учун ажойиб воқеа», — дейди Пик.

Журналист Бэнксининг маймунлар тасвирини «ажойиб ишланган», деб атади. «Улар нима маъно беришини билмайман, шуниси аниқки, энди ҳамма у ҳақида гапирмоқда», — дея қўшимча қилади у. BBC’га кўра учта маймун оғзи, кўз ва қулоқларини ёпиб турган япон маданиятидаги композицияга ўхшаш. Версиялардан бирига кўра, улар ёвузликдан воз кечиш ва ундан ҳимоя қилиш ғоясини англатади.

The Guardian’нинг ёзишича, интернетда ушбу тасвирлар «Лондон ҳайвонат боғи» номини олиб улгурган ва улар нимани англатиши ҳақида кўпчилик бош қотирмоқда. Бэнкси мухлисларининг айтишича, рассом 17 ёшли ўсмир рақс студиясига ҳужум қилиб, уч нафар болани ўлдирганидан кейин Буюк Британияда бошланган намойишларда иштирок этаётган ультраўнгларни ёввойи ҳайвонларга қиёсламоқда.

8 август куни Бэнкси Instagram саҳифаси орқали ўзининг тўртинчи иши — увиллаётган бўри суратини эълон қилди. Граффити Ойни ёдга солувчи сунъий йўлдош антеннаси ликопчасига туширилган.

Фото: AP Photo

Мавзуга оид