Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Макрон Нетаняҳу билан Яқин Шарқда кучайиб бораётган кескинликни муҳокама қилди
Франция президенти Исроил бош вазири Бинямин Нетаняҳу билан телефон орқали мулоқот қилди.
Фото: AFP
Франция президенти Эммануэл Макрон Исроил бош вазири Бинямин Нетаняҳу билан Яқин Шарқда, айниқса Ливан ва Исроил чегарасида кучайиб бораётган кескинликни муҳокама қилди.
Елисей саройи баёнотида Макроннинг телефон суҳбати чоғида Франция минтақада ҳарбий таранглик кучайишига йўл қўймасликка қатъий қарор қилганини билдиргани таъкидланади.
Франция раҳбари Нетаняҳуни минтақа ва унинг аҳолиси барқарорлигига раҳна соладиган «қасос олиш цикли мантиғидан» қочишга чақирди.
«Исроил ва Ливан чегарасида кескинлик кучайган ҳолда, минтақада можаронинг олдини олиш учун БМТ Хавфсизлик кенгаши 1071-сонли резолюциясига мувофиқ Мовий чизиқда (Исроил ва Ливан ўртасидаги чегара чизиғи) барча саъй-ҳаракатларни амалга ошириш керак. Исроил ва Ливан ўртасидаги уруш бутун минтақа учун фалокатли оқибатларга олиб келади», — деди Макрон.
Франция президенти Нетаняҳуга Франциянинг энг муҳим вазифаси Ғазода ўт очишни тезда тўхтатиш, маҳбусларни озод қилиш ва ғазоликлар учун гуманитар ёрдамдан кенг ва тўсиқсиз фойдаланишни таъминлаш эканлигини айтди.
Макрон минтақадаги икки давлат тамойили асосида можарони ҳал қилиш учун шериклар билан сиёсий консенсус излашда давом этишини айтди.
Елисей саройи баёнотида Нетаняҳу ва Макрон минтақада кескинлик кучайганлиги сабабли яқин алоқада бўлишга қарор қилганликлари таъкидланади.
Мавзуга оид
16:39 / 11.05.2026
«Исроил АҚШ ҳарбий ёрдамига қарамликни тўхтатишни истайди» – Нетаняҳу
01:00 / 27.04.2026
Исроил президенти Нетаняҳуни ҳозирча афв этмасликка қарор қилди
15:29 / 03.04.2026
Трамп Макрон ва унинг рафиқасини масхара қилди. Франция етакчиси жавоб қайтарди
13:13 / 03.04.2026