Жаҳон | 20:47 / 09.08.2024
3476
2 дақиқада ўқилади

BBC ҳибсга олинган бошловчисидан 200 минг фунт маошини қайтаришни талаб қилди

Июль ойида Эдвардс болалар билан боғлиқ номақбул тасвирларни яратганликка оид учта банд бўйича айбини тан олган.

Фото: Getty Images

BBC Хью Эдвардсдан 2023 йилнинг ноябрь ойида болаларга нисбатан зўравонлик акс этган суратларни чоп этишда айбланиб, ушланганидан кейин олган 200 минг фунт стерлингдан ортиқ маошини қайтаришни талаб қилди.

BBC раиси Самир Шоҳнинг ходимларга ёзган мактубида қайд этилишича, у қонунбузарлик содир этганини билган ҳолатда маош олишда давом этиб, «виждонсизлик қилган».

Эдвардс BBC янгиликларининг энг машҳур бошловчиларидан эди, у болаларнинг ахлоқсиз тасвирларини яратиш айбловлари билан ҳибсга олинганидан кейин ҳам беш ой давомида ўз маошини олиб келган. Ўтган йилнинг июлида у ишдан четлатилган, тўрт ой ўтиб эса ҳибсга олинган эди. У апрелга қадар BBC'дан кетмаган.

Шоҳнинг сўзларига кўра, Эдвардс «қўшалоқ ҳаёт кечирган» — бир қарашда у ҳурматли бошловчидек кўринган, аммо «ҳамкасблари ва аудитория ишончини сотган».

Июль ойида Эдвардс болалар билан боғлиқ номақбул тасвирларни яратганликка оид учта банд бўйича айбини тан олган. Полиция маълумотларига кўра, жиноят 2020-2022 йиллар оралиғида содир этилган бўлиб, у WhatsApp'да тарқатилган 37 та сурат билан боғлиқ.

Бош директор Тим Деви ўтган ҳафта берган интервьюсида корпорация бошловчининг жиддий айбловлар билан ноябрда ҳибсга олинганидан хабардор эканини тасдиқлаган. BBC директорлар кенгаши «бош директор ва унинг жамоаси томонидан ушбу давр оралиғида қабул қилинган қарорларни қўллаб-қувватлашини» маълум қилган.

Шунингдек, баёнотда айтилишича, агарда Эдварс BBC’га ўзининг ҳибсга олинишини очиқ айтганида «ҳеч қачон давлат пулларини тўлаш давом этмаган бўларди».

Мавзуга оид