Жаҳон | 11:46 / 12.08.2024
2708
3 дақиқада ўқилади

Россия Украинанинг ўнлаб дронлари минтақаларга ҳужум уюштирганини маълум қилди

Россия Мудофаа вазирлиги маълумотларига кўра, Россия ҳудудлари узра 35 та Украина УУА ва тўртта «Точка-У» ракетаси уриб туширилган. 

Фото: Anatoliy Zhdanov/Kommersant/Sipa USA/picture alliance

11 август кечаси ҳаво ҳужумидан мудофаа кучлари (ҲҲМ) Россия ҳудуди узра 35 та Украина учувчисиз учоқларини уриб туширди, дея маълум қилди Россия Мудофаа вазирлиги. Идора маълумотларига кўра, 6 августдан бери Россия армияси ва Украина Қуролли кучлари (УҚК) ўртасидаги жанглар давом этаётган Курск вилояти узра 14 та дрон ва тўртта «Точка-У» ракетаси йўқ қилинган. Россия ҳаво ҳужумидан мудофаа кучлари Воронеж вилоятида 16 та, Белгород вилоятида 3 та ва Брянск ва Орел вилоятлари ҳудудларида биттадан учувчисиз учоқни урди, деб хабар берди Россия Мудофаа вазирлиги. 

Курск мэри Игор Куцак «уриб туширилган Украина ракетаси» шаҳардаги турар жой биносига қулаганини маълум қилди. Маҳаллий ҳокимият маълумотларига кўра, 13 киши жабрланган, улардан икки нафарининг аҳволи оғир. 

Россия Мудофаа вазирлиги: УҚК ҳарбий колоннаси йўқ қилинди 

Курск вилоятида, Россия Мудофаа вазирлиги баёнотига кўра, рус артиллерияси учувчисиз учоқ маълумоти асосида Украина Қуролли кучларининг ҳарбий техникаси колоннасига зарба берган. Вазирлик маълумотларига кўра, зарба натижасида «Украина Қуролли кучларининг бешта зирҳли техникаси ва 20 нафаргача шахсий таркиби йўқ қилинган». 

Россиянинг уч вилоятида АТО режими жорий этилди 

Белгород, Брянск ва Курск вилоятларида аксилтеррор операцияси (АТО) режими жорий этилди. Бу ҳақда 9 август куни Россия Федерацияси Миллий аксилтеррор қўмитаси (МАҚ) маълум қилди.
 
Украина Қуролли кучлари 2024 йил 6 августдан буён Курск вилоятида ҳарбий операция ўтказмоқда. Коренев ва Суджа туманларида фаол жанглар кетмоқда. 11 август куни маҳаллий ҳокимият Беловский тумани ҳудудига Украина «диверсия-разведка гуруҳлари»нинг «кириб келгани» ҳақида хабар берди.

Украина томони рўй бераётган воқеаларни расман тасдиқламаяпти ёки изоҳ бермаяпти, бироқ Украина президенти Володимир Зеленскийнинг сўзларига кўра, Украина Қуролли кучлари бош қўмондони Александр Сирский унга «уруш тажовузкор ҳудудига ўтказилгани ҳақида» маълум қилган.

Мавзуга оид