Жаҳон | 22:59 / 13.08.2024
5390
2 дақиқада ўқилади

Россия президенти Фаластин миллий маъмурияти раҳбари билан учрашди

Владимир Путин ва Маҳмуд Аббос «Фаластин-Исроил можаросининг кескинлашуви муносабати билан Яқин Шарқдаги вазият ва Ғазо секторидаги мисли кўрилмаган гуманитар фалокат» ҳақида фикр алмашган.

Фото: kremlin.ru

Россия президенти Владимир Путин Фаластин миллий маъмурияти (ФММ) раҳбари Маҳмуд Аббос билан учрашди. Музокаралар 13 август куни Путиннинг Ново-Огарёводаги қароргоҳида бўлиб ўтди, деб хабар берди Кремлга таяниб Meduza.

Путин маъмуриятининг таъкидлашича, музокаралар чоғида томонлар «икки томонлама ҳамкорликни янада ривожлантиришнинг долзарб масалаларини» муҳокама қилган, шунингдек, «Фаластин-Исроил можаросининг кескинлашуви муносабати билан Яқин Шарқдаги вазият ва Ғазо секторидаги мисли кўрилмаган гуманитар фалокат» ҳақида фикр алмашган.

Музокаралар аввалида, Путин Украинадаги урушга қарамай, Ғазо секторида содир бўлаётган воқеалар Россиянинг эътиборидан четда қолмаслигини айтган.

«Ҳамма яхши биладики, Россия бугун, афсуски, ўз манфаатларини ҳимоя қилиши, қўлида қурол билан халқини ҳимоя қилиши керак, бироқ Яқин Шарқда, Фаластинда содир бўлаётган воқеалар, албатта, эътибордан четда қолмайди», деди Путин.

Путиннинг қўшимча қилишича, Россия расмийлари «Фаластинда юз берган гуманитар фалокатни катта алам ва хавотир билан кузатмоқда».

«Биринчи навбатда, биз тинч аҳоли ўртасидаги йўқотишлардан хавотирдамиз. БМТ маълумотларига кўра, бу аллақачон 40 минг киши, асосан аёллар ва болалар», деди Путин.

Маҳмуд Аббос, ўз навбатида, Россияга «Фаластин масаласидаги позицияси» учун миннатдорчилик билдирди ва Россияни «Фаластин халқининг энг азиз дўстларидан бири» деб атади.

Фаластин миллий маъмурияти раҳбари Маҳмуд Аббос 12 август куни ташриф билан Москвага келди, деб хабар қилди бир кун аввал Ташқи ишлар вазири ўринбосари Михаил Богданов. Аббос Путиндан ташқари араб элчилари билан ҳам учрашишни режалаштирган.

Мавзуга оид