Жамият | 11:46 / 14.08.2024
7382
5 дақиқада ўқилади

“Аҳоли билан келишилмаган” — Себзордаги болалар майдончаси сотилишидан одамлар норози

Тошкент шаҳар ҳокимлиги Олмазор туманидаги болалар майдончаси янги жойга кўчирилиши, бу масала аҳоли билан келишилганини маълум қилганди. Лекин Kun.uz'га мурожаат қилган фуқаролар бунинг аксини айтмоқда. “Аҳоли нафас олиши мумкин бўлган жойларни олиб қўйишяпти”, дейди бошқа бир фуқаро.

Тошкент шаҳар ҳокимлиги Олмазор тумани Себзор даҳасида болалар майдончаси жойлашган жойни 2 қаватли тижорат биноси қуриш учун сотувга қўйган. Бу ҳолатга Kun.uz эътибор қаратгач, ҳокимлик изоҳ бериб, автомобил йўли яқинида жойлашган болалар майдончаси хавфсизроқ жойга кўчирилиши ва замонавий кўринишга келтирилишини маълум қилди.

Расмий баёнотда “маҳалланинг янги бош режаси бевосита аҳоли истаклари ва улар билан келишилган ҳолда” ишлаб чиқилгани айтилган. “Болалар майдончаси жойлашувини ўзгартириш, яъни уни транспорт қатнов қисмидан ичкарироққа кўчириш ҳам аҳоли истаги эди”, дейилади пойтахт ҳокимлиги ахборотида.

Лекин Kun.uz'га мурожаат қилган бир гуруҳ себзорликлар бунинг аксини: одамлардан розилик олинмагани, “Обод маҳалла” дастурининг бош режаси уларга кўрсатилмаганини айтмоқда.

Ҳудуддаги 9-уйда яшовчи Асал Ражабова маҳаллада 5,5 минг аҳоли яшаши, майдонча ҳақиқатан ҳам болалар учун хавфсиз эмаслигини таъкидлади.

“[Майдончамиз] оғир аҳволда, яхши эмас, ифлос, яхши таъмирланмаган. Хуллас, биз бу майдончага болаларимизни ишонишга ҳам қўрқамиз. Чунки икки томони йўл, ўртада болалар [бўлади]. Ўзимиз чиқиб, ўриндиқларда ўтириб, қараб турамиз, қаролмаганимизда эса болалар қаровсиз қолишяпти.

Салкам 50 йилдан бери шу ерда яшаймиз. Кўчиб келганимиздан бери 4-5 та ҳоким… Ҳатто Бахтиёр Ҳакимович деган ҳокимимиз шу ердан ўтаётган вақтида шахсан ўзларининг олдига бордим. “Қиламиз, қиламиз, бажарамиз”, деб кетиб юборишди. Бир ҳоким келиб кўриб, бузиб кетяпти. Иккинчиси тепага чиқиб кетяпти”, – дейди Ражабова.

Уй бошқарувчиси Абдукомил Тошпўлатов эса пойтахт ҳокимиятининг изоҳини рад этиб, майдончани кўчириш масаласида аҳоли билан келишилмаганини билдирди.

“Аҳоли билан ҳеч ким гаплашган эмас. Бу ерда маҳалланинг ўзига (МФЙ назарда тутилмоқда – таҳр.) кириб, ҳал қилиб кетишади. Лекин маҳалланинг биз билан аралашиб, гаплашаётган жойи ҳам йўқ. Буни очиқ айтиш керак. Олдинги раисимиз ўлиб кетган, ундан кейинги одамлар вақтинчалик турибди, улар нима хоҳласа қиляпти. Иложи бўлса [майдончамизни] кўчиришмасин, кўчириш баҳонасида жойини суради-да, эртага бир бинони қуриб, давом этаверади. Бош режаси билан [шу ҳолатга] секин-секин олиб боришяпти. Иложи бўлса, тегишмасин. Болалар яйрайди, ҳеч бўлмаса уйларга ҳаво кириб туради.

Секин-асталик билан [уй ёнидаги] дўконни, чиройли кафени қуритди (бузиб ташлади – таҳр.), ундан олдин бизнинг [бошқа] биноларимизни ҳам бузган. Ҳар ҳоким алмашишига булар ўзига мослаб, жой тайёрлаб, пул қилишяпти. Қаер бўш бўлса, ўзларига мослаб, тадбиркорни йўналтириб, яхши иш қиляпман деб ўйлашяпти. Лекин аҳоли нафас олиши мумкин бўлган жойларни олиб қўйишяпти.

Чилла вақтида дарахтларни [юқорисидан] кесиб кетишди. Дарахтни ўзи кузда ёки баҳорда кесиш керак. Кесдими, эртага дарахт ўз-ўзидан қурийди, булар секин-секин дарахт қуриди деб яйлов қилиб, [яшилликни] ўлдириб боради”, – дейди Абдукомил Тошпўлатов.

Яшовчилардан яна бирининг айтишича, бир неча ой аввал Олмазор тумани ҳокимияти вакиллари иштирокида “Обод маҳалла” дастури бўйича йиғилиш бўлиб ўтган ва дастур доирасида нималар қилиниши одамларга тушунтирилган. Лекин ўша вақтда бош режа тақдим этилмаган.

“Олмазор тумани ҳокимининг ўринбосари келди, мажлисига чиқдик. Бир четдан тушунтириб кетди. “Ҳозир бузамиз, бузишдан олдин сизларга бош режасини кўрсатамиз. Рози бўлсанглар қиламиз”, деди. Бош режасининг ҳали ўзи йўқ. Шу пайтгача кўрсатилмади. Ҳар ўтганда маҳалла раисидан сўраб қўяман, лекин ҳали чиқмаганини айтади.

[...] Икки томонимиз 9 қаватли уй, қаердан шамол келсин? Эски вақтда “шамол атиргули” деган нарса бўларди, шунга қараб тўғриланарди. Шунга қараб қаердан ҳаво кириши аниқланарди. Агар бу ер ёпилса бўлди, бизнинг уйларимизда ҳаво бўлмайди”, – дейди маҳаллий аҳолидан бири Абдуваҳоб Мажидов.

Маълумот учун, Янги Себзордан ташқари, Себзор маҳалласидаги 1 сотихли кўп йиллик дарахтларга эга жой ҳам аукционга қўйилган. Шаҳар ҳокимияти соғлом кўп йиллик дарахтларнинг барчаси сақланиб қолиниши, агар имконсиз даражада халал қилса, Экология бошқармасидан рухсат олинган ҳолда кўчирилиши мумкинлигини маълум қилган.

Мавзуга оид