Жаҳон | 18:56 / 14.08.2024
2201
2 дақиқада ўқилади

Британия Мудофаа вазирлиги бюджети 20 фоизга қисқартирилади

Натижада юзлаб иш ўринлари қисқаради, космосга янги разведка сунъий йўлдошларини чиқариш билан шуғулланувчи Minerva лойиҳаси ҳам хавф остида.

Фото: Getty Images

Буюк Британия Мудофаа вазирлиги бюджети жорий молиявий йилда (2025 йилнинг апрелига қадар) тахминан 20 фоизга қисқартирилади, деб хабар беради The Telegraph. Нашр маълумотларига кўра, гап қуролли кучларни модернизация қилишни назарда тутувчи бюджет моддалари ҳақида кетмоқда.

«Илғор технологияларга инвестиций киритилмаса, қуролли кучларимиз нафақат Хитой ва Россия каби рақибларимиздан, балки АҚШ каби иттифоқчиларимиздан ҳам ортда қолиши мумкин. Бу қуролли кучларимизнинг жанговар салоҳиятини пасайтиради ва Буюк Британия хавфсизлиги ҳамда ҳимояси кучсиз эканини англатади», — дейди нашр суҳбатдоши.

Таъкидланишича, юзлаб иш ўринлари қисқартирилади, космосга янги разведка сунъий йўлдошларини чиқариш билан шуғулланувчи Minerva лойиҳаси ҳам хавф остида.

The Telegraph’нинг аниқлик киритишича, лейбористлар ғалабаси прогнозлари фонида амалдорлар сайлов кампанияси вақтида модернизация учун 20 фоизли қисқартириш ҳақида огоҳлантирилган. Мудофаа вазирлиги вакили ушбу маълумотни янглиш деб атади. Унинг сўзларига кўра, лейбористлар ҳукумати яқин келажакда мудофаа харажатларини ЯИМнинг 2,5 фоизи миқдорига етказади. Ҳозирда бу борадаги кўрсаткич 2,3 фоизга яқинни ташкил этмоқда.

Аввалроқ Британия Молия вазирлиги раҳбари Рэйчел Ривз 22 миллиард евролик дефицитни қоплаш учун 5,5 миллиард евро тежаш кераклиги ҳақида гапирганди. Мудофаа вазирлиги ўз навбатида «сунъий йўлдош разведкаси, кузатув ва разведка қобилиятларини ривожлантириш»га содиқлигини маълум қилди.

Буюк Британия собиқ бош вазири Риши Сунак мудофаа бюджетини ЯИМнинг 2,5 фоизига қадар ошириш вазифасини қўйганди. Аммо 10 июль куни Британия ҳукуматининг янги раҳбари Кир Стармер мамлакатнинг мудофаа стратегиясини қайта кўриб чиқилишини айтганди.

Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид