Жаҳон | 23:13 / 17.08.2024
5168
3 дақиқада ўқилади

Х ижтимоий тармоғи судьянинг таҳдиди туфайли Бразилиядаги офисини ёпишини эълон қилди

Ижтимоий тармоқ жамоаси масъулиятни айрим «фейк» аккаунтларни блоклашни талаб қилган ва Илон Маскка нисбатан тергов бошлаган Олий суд судяси зиммасига юклади.

Фото: Oxu.az

Миллиардер Илон Маскка тегишли Х ижтимоий тармоғи (собиқ Twitter) Бразилиядаги фаолиятини тўхтатишини маълум қилди. Бу ҳақда Х жамоасининг баёнотида сўз боради.

Х’дагилар қарор мажбурий қабул қилингани ва компания ушбу ҳолатдан «чуқур қайғуда» эканини билдирди. Жамоа жавобгарликни Олий суд судьяси Александр Мораес зиммасига юклади, у «махфий фармойиш билан» ижтимоий тармоқнинг Бразилиядаги қонуний вакилига «агар унинг цензурали буйруғига бўйсунмаса» ҳибсга олиш билан таҳдид қилган.

«Олий судга қилган кўплаб мурожаатларимиз кўриб чиқилмади, Бразилия жамоатчилиги ушбу фармойишлардан хабардор қилинмади, бизнинг бразилиялик ходимларимиз платформамиздаги контентни блокировка қилиш учун назоратга эга эмаслигига қарамай, Мораес қонунни ҳурмат қилиш ўрнига ходимларимизга таҳдид қилишни маъқул кўрди», — дейилади баёнотда.

Улар судьянинг хатти-ҳаракатлари «демократик ҳукуматга тўғри келмаслиги» ва бразилияликларнинг «танлови борлиги: демократия ёки Александр Мораес» эканини қўшимча қилди.

Бразилия суди Х’дан ижтимоий тармоқда «фейк» тарқатган айрим аккаунтларни блоклашни талаб қилган. Ижтимоий тармоқ аввалига талабни бажарган, аммо кейин Маск «Бразилиядаги барча даромаддан айрилиб, у ердаги офисини ёпишга мажбур бўлса ҳам», аккаунларни блокдан чиқаришини маълум қилди. Мораес суд фаолиятига тўсқинлик қилган миллиардерга қарши тергов бошлади ва аккаунтлар блокланмагунча ундан ҳар куни 20 минг доллар миқдорида жарима ундириш билан таҳдид қилди.

Бизнесмен судьяни «тажовузкор цензурада» айблади. «Бу судья сурбетларча бир неча бор Конситуция ва Бразилия халқини сотди. У истеъфо бериши ёки импичмент орқали лавозимдан олиниши керак», — деб ёзади Маск Х’даги саҳифасига.

Судя Мораес давлат тўнатишига алоқадорликда айбланган мамлакатнинг собиқ президенти Жаир Болсонаруга нисбатан терговга бошчилик қилгани билан танилган. Унга 2030 йилга қадар президент сифатида сайланиш тақиқланган.

Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид