Жамият | 21:45 / 18.08.2024
26680
2 дақиқада ўқилади

Тошкент вилоятида номаълум шахс ММТБ бўлими бошлиғи хонасига 5 минг доллар ташлаб кетди

Ҳолат бўйича зудлик билан вилоят мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси бошқарма бошлиғи ва бошқа масъул ходимлар гувоҳлигида далолатнома расмийлаштирилган ҳамда хизмат текшируви ўтказиш бўйича зарур ишлар амалга оширилган.

Фото: Видеодан кадр

Тошкент вилояти мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси Инсон ресурсларини бошқариш ва ривожлантириш бўлими бошлиғининг хизмат хонасида номаълум шахс томонидан қолдириб кетилган файл папка ичидан 5 минг доллар чиқди. Бу ҳақда Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.

Қайд этилишича, воқеа 16 август куни содир бўлган. Бўлим бошлиғининг хизмат хонасида қолдириб кетилган папка холислар иштирокида кўздан кечирилганда, унинг ичида 5000 АҚШ доллари миқдоридаги пул маблағи борлиги аниқланган.

Ҳолат бўйича зудлик билан вилоят бошқарма бошлиғи ва бошқа масъул ходимлар гувоҳлигида далолатнома расмийлаштирилган ҳамда хизмат текшируви ўтказиш бўйича зарур ишлар амалга оширилган.

«Мавжуд вазият Мактабгача ва мактаб таълими вазири Ҳилола Умарованинг шахсан назоратига олинди ҳамда ҳолат бўйича ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ўрнатилган тартибда хабардор қилинди. Айни вақтда зарур суриштирув ишлари олиб борилмоқда», — дейилади хабарда.

Таъкидланишича, Инсон ресурсларини бошқариш ва ривожлантириш бўлими бошлиғи Назокат Уразова ҳалоллиги учун вазирнинг тегишли буйруғи асосида лавозим маошининг 3 баробари миқдорида моддий рағбатлантирилган.

Мавзуга оид