Эрон президенти: мамлакат оғир иқтисодий аҳволда
АҚШ санкциялар киритмоқда, аммо биз бирлашсак, таҳдидларни бартараф эта оламиз, деди Масъуд Пизишкиён.
Эрон оғир иқтисодий шароитда, одамлар эса норози. Бу ҳақда Эрон президенти Масъуд Пизишкиён маълум қилди. «Бу Америка ёки чет элликларнинг эмас, балки бизнинг айбимиз», деди президент парламент йиғилишида.
«Мамлакат оғир шароитда, одамлар оғир иқтисодий аҳволда. Иқтисодиёт, ижтимоий ҳаёт, экология, таълим ва маданият соҳаларидаги адолатсизлик ва номутаносиблик барчага таъсир қилмоқда», — деди президент.
Президент ўз нутқида адолат масаласига алоҳида тўхталди. «Ҳукуматнинг вазифаси адолатли иш тутиш, яъни халқни рози қилишдир. Бу биз бутун қалбимиз билан ишонадиган принципдир. Ҳеч бир дин, эътиқод, имом, ҳеч бир пайғамбар инсон учун адолат чегарасидан чиқмаган. Улар диндорми ёки динсизми, туркми, форсми, арабми, бегонами ёки маҳаллийми, фарқи йўқ. Бутун кураш адолатдан иборат», - дейди сиёсатчи.
Эрон президенти мамлакатга қарши таҳдидлар ҳақида гапирар экан, асосийси АҚШ эканлигини айтди.
«Америка санкциялар киритяпти, аммо биз бирлашсак, бу таҳдидларни бартараф эта оламиз. Минтақада кескинлик, уруш ва қон тўкилиши кузатилмоқда. Қўшнилар билан муносабатларимиз суст, ижтимоий сармоямиз пасайиб, ички яхлитлигимиз заифлашди, ҳукуматнинг миллат олдида обрўси тушди. Бу бизнинг заиф томонларимиздир», - деди Ислом Республикаси президенти.
Пизишкиённинг ишонтиришича, расмийлар мамлакатда қашшоқликни камайтиришга ҳаракат қилишда давом этади. «Биз бу халқни бошқариш учун эмас, унга хизмат қилиш учун келдик. Давлат хизмат қилиш воситаси бўлиши керак, акс ҳолда бу аҳамиятсиз ва фойдасиз», — дея қўшимча қилди у.
Мавзуга оид
14:15 / 06.11.2024
Эрон: Агар Исроил сулҳга рози бўлса, Теҳроннинг жавоби ўзгариши мумкин
19:40 / 05.11.2024
Эрон иккита сунъий йўлдошини орбитага чиқарди
08:50 / 05.11.2024
WSJ: Эрон армия иштирокида Исроилга «кучли» ҳужум тайёрламоқда
21:37 / 31.10.2024