Жаҳон | 11:10 / 20.08.2024
17985
5 дақиқада ўқилади

Путиннинг Бокуга ташрифи: Украинага ёрдам бераётган дўстларникига сафар

Озарбойжонда барча ҳам Владимир Путиннинг ташрифидан хурсанд эмас. Бу тарихий хотира билан ҳам, Украинадаги уруш билан ҳам боғлиқ. Аммо Озарбойжон президенти Илҳом Алиев ўз ҳамкасбини оила даврасида кутиб олди, бунгача Украина тарафда туриб жанг қилган озарбойжонликлардан фахрланган ҳукуматпараст нашрлар эса энди Путинни мақтамоқда.

Фото: AFP

«Россия пропаганда машинаси унинг армияси томонидан ўлдирилганлар дафн этилган Шаҳидлар хиёбони номини ҳам айта олмайди» — озарбойжонлик блогерлардан бири Russia Today Россия президенти гўёки Иккинчи жаҳон уруши қурбонлари ёдгорлигидаги мангу оловга гулдаста қўйгани ҳақида ёзганидан шундай норозилик билдирди.

Аслида у гулларни 1990 йил январида совет армияси мустақиллик митингини жанговар қурол ва танклар орқали бостириши вақтида ҳалок бўлганлар хотирасига бағишланган Шаҳидлар хиёбони ҳудудидаги мангу оловга гул қўйганди. Ўшанда юздан ортиқ киши ҳалок бўлган. Россиялик пропагандачилар видеосининг сўнгги сонияларида Россия раҳбари ортида қатор қабрлар ҳам кўринади.

Бу воқеани Бокудагилар «қора январ» деб аташади, миллатчилар эса ўз империяси парчаланишини куч билан тўхтатишга уринган Россияни ёқтирмаслик учун сабаб сифатида эслатишади.

Путинни Боку кўчаларида Россия байроқлари билан қарши олишмади. Аммо Озарбойжонда Россия ёки Путинга нисбатан кескин салбий муносабат бор деб ҳам бўлмайди, бу ўринда анча чигал вазият юзага келган.

Россия ва Озарбойжон президентлари шу йилнинг ўзида уч марта учрашди. Фото: president.az

Барчаси мураккаб

2022 йил февралида Россиянинг Украинага кенг кўламли босқини бошланганида, Бокуда Украинани қўллаб-қувватлаб тинч акциялар ўтказилганди. Бу полиция одатда яккалик пикетларни ҳам қаттиққўллик билан бартараф этадиган Озарбойжонга хос ҳолат эмасди. Ўшанда эса фаоллар аввал Украинанинг, кейин эса Россиянинг элчихонасига боришганида полициячилар ўзини четга олганди.

Озарбойжон Украинадаги уруш борасида расмий баёнотлар бермаган бўлса-да, ушбу мамлакат уруш ичида қолган ҳудудга инсонпарварлик ёрдами юборган, маҳаллий матбуот эса озарбойжонликлар Украина томонида туриб жанг қилаётгани ҳақида ижобий оҳангда ёзганди. Ҳарбий ҳаракатлар ҳудудида чиндан ҳам озарбойжонликлар бор - «Айдар» баталёнида, «Гуржистон баталёни»да ва бошқа бўлинмаларда, ҳатто Украина қаҳрамони унвонини олган озарбойжонликлар ҳам топилади.

Айрим кузатувчилар иқтисодиёти Россия билан чамбарчас боғлиқлиги туфайли Озарбойжон очиқчасига Украинани қўллаб-қувватлай олмаслигини айтишади.

Озарбойжонда ҳозиргача кўпчилик рус тилида яхши сўзлаша олади. Фото: Anton Saburov

Россия билан қалин алоқалар

Пандемия ва урушга қадар ўртача ҳар йили Озарбойжондан Россияга чиққанлар сони Россиядан Озарбойжонга кирганлар сонидан 10 минг кишига ошиб кетганди.

Озарбойжон давлат статистика қўмитасига кўра, Россия урушга қадар ҳам, ҳозир ҳам озарбойжонликлар энг кўп борадиган мамлакат бўлган. 2023 йилда бундайлар сони 600 мингдан ошиқни ташкил этган.

Озарбойжоннинг МДҲ давлатлари билан ташқи савдо айланмасининг учдан икки қисми (4,4 миллиард доллар) Россия ҳиссасига тўғри келади. Асли ушбу мамлакатдан бўлган қатор йирик тадбиркорлар Озарбойжон билан яқин алоқаларга эга.

Бундайлар сирасига бизнесмен Фарҳод Аҳмедовни киритиш мумкин, ўтган йили унинг Иосиф Пригожин билан телефонда Путин ҳақида гаплашгани аудиоси интернетга сизиб чиққанди. Озарбойжон президентининг қизининг собиқ турмуш ўртоғи Эмин Агаларов — россиялик яна бир йирик тадбиркор, Crocus City Hall эгаси Араз Агаларовнинг ўғлидир.

Шунингдек, Бокуда, Ереван ва Тбилисидагидан фарқли ўлароқ, кўплаб университетларда ва деярли ҳар бир мактабда тўлиқ рус тилида ўқиш имконияти бор. Пойтахтда юқори маош тўланувчи ишга кириш учун эса кўп ҳолларда рус тилини билиш зарур ҳисобланади.

Шу тариқа, барча келишувмовчиликларга қарамай, Озарбойжонда Путинга нисбатан кучли душманлик йўқ, Украина томонида туриб урушган аскарлар ҳақида фахрланиб ёзган ҳукумат таъсиридаги матбуот эса Россия президенти ҳақида илиқ сўзлар айтиб, уни Озарбойжоннинг дўсти деб атамоқда. У давлат ташрифи билан келган, озарбойжонлик ҳамкасби ва унинг рафиқаси эса уни оила меҳмони сифатида кутиб олган ва Путин кўйлагининг тугмасини бўшатганча, стол ортида ўзини жуда эркин тутиб ўтириши мумкин бўлган.

Россия эстрадаси - Боку саҳналари учун доимий меҳмон

Мавзуга оид