Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Путин Озарбойжонга нега келди?
Россия президенти Владимир Путин Озарбойжонда. Унинг ташрифи икки кунга мўлжалланган — 18 ва 19 август. Путин Бокуга Россия ҳудудида — Курск областида — украин армиясига қарши қақшатқич жанглар кетаётган маҳалда ташриф буюрди.
18 август куни Россия Федерацияси президенти Владимир Путин давлат ташрифи билан Озорбайжон Республикасига келди.
Икки мамлакат давлат байроқлари осиб қўйилган Ҳайдар Алиев номидаги халқаро аэропортда олий мартабали меҳмон шарафига фахрий қоровул саф тортди.
Россия президенти Владимир Путинни аэропортда Озарбойжон Республикаси бош вазирининг биринчи ўринбосари Ягуб Эйюбов, ташқи ишлар вазири ўринбосари Самир Шарифов ва бошқа расмий шахслар кутиб олди.
Якшанба куни кечқурун Россия президенти Владимир Путин Озарбойжон президенти Илҳом Алиев ва биринчи хоним Меҳрибон Алиева билан кечки овқатда иштирок этди.
Кремл хабарига кўра, ташриф чоғида Озарбойжон ва Россия ўртасидаги иттифоқчилик ва стратегик муносабатларни ривожлантириш масалалари муҳокама қилинади. Шунингдек, Путин президент Илҳом Алиев билан Озарбойжон ҳамда Арманистон ўртасидаги тинчлик жараёнини муҳокама қилиши кутилмоқда.
Путин нега айнан ҳозир сафарга чиқди? BBC Озарбойжон хизмати муҳаррири Кенул Халилова
Бу Владимир Путин икки ярим йил муқаддам Украинага қарши бошлаган уруш даврида илк бор Озарбойжонга ташриф буюришидир.
Шунингдек, бу ташриф Украина Россия ҳудудига бостириб кирган ва жанглар энди Россия ичкарисида олиб бораётган кунларга тўғри келди.
Ғарб Путинни Украина ерларини аннексия қилгани учун иҳоталагач, у иттифоқчилар билан алоқаларни мустаҳкамлаш ва янги иттифоқчилар топишга интилмоқда.
У ўз армияси Украина ҳудудига бостириб кирган кунларда Озарбойжон билан иттифоқчилик шартномасини имзолаган. Озарбойжон ҳукумати Украина ва Ғарб билан яхши муносабатларни сақлаб қолганига қарамай, ушбу давлат ҳеч қачон Путиндан юз ўгирмаган. Бу сафарги давлат ташрифи ҳам Россия раҳбари учун дунёга ўзини қўллаб-қувватловчилар борлигини кўрсатиш имконияти ҳисобланади.
Эътиборли жиҳати, Путин Озарбойжонгача Шимолий Корея ва Ветнам мамлакатларига давлат ташрифларини амалга оширганди.
Газ масаласи
Россиянинг Украинага босқини ва Ғарб томонидан Москвага қўлланган санкциялар ортидан Европа мамлакатларига газ экспорти тўхтади. Озарбойжон эса Европа иттифоқи билан келишув имзолади ҳамда Россия газидан маҳрум бўлган Европа мамлакатларини таъминлаш учун газ экспортини оширишга рози бўлди.
Сиёсий таҳлилчи Фуад Шаҳбозов ҳисоблашича, Владимир Путиннинг Озарбойжонга ҳозирги ташрифидан кўзланган асосий мақсадлар иқтисодий, биринчи навбатда, энергетика масалалари билан боғлиқ.
Унинг фикрича, ташриф вақтида Озарбойжон ва Россия ўртасида газ транспортировкаси тўғрисида янги ҳужжат имзоланиши мумкин.
«Озарбойжон газининг Европага экспорти ҳажмини ошириш эвазига Россия газини Озарбойжонга етказиб бериш бўйича ҳужжат имзоланиши мумкин. Яъни россияликлар гази ички бозор учун фойдаланиши мумкин. Бундан ташқари, иқтисодий соҳада ҳамкорлик бўйича ҳужжат имзоланиши мумкин», — деган Фуад Шаҳбозов.
Экспертнинг сўзларига кўра, бу ташрифдан яна бир мақсад Арманистон ва Озарбойжон ўртасидаги тинчлик жараёнида Россиянинг позициясини мустаҳкамлаш бўлиши эҳтимоли бор. Унинг ҳисоблашича, сўнгги вақтларда ғарб институтлари икки мамлакат ўртасидаги можарони ҳал қилишда фаоллашган ва Россия жанубий Кавказ минтақасида ўз таъсир доирасини тиклашдан манфаатдор.
«Бу ташриф Россиянинг минтақага қизиқишини тасдиқлашга қаратилган», — дея қайд этган Шаҳбозов.
Тинчлик шартномасини қўллаб-қувватлаш
«Россия томони ҳамон Озарбойжон ва Арманистон муносабатларини нормаллаштиришга ҳар томонлама ҳисса қўшишга тайёр», — дея ёзган РИА Новости Кремлдаги манбага таяниб.
Озарбойжон ва Арманистон сўнгги ойларда чегара делимитацияси ва тинчлик шартномаси тузиш бўйича тўғридан тўғри музокаралар олиб бормоқда ва икки томон ҳам бундай шартномани имзолашга тайёрлигини билдирган.
Август ойида Боку ва Ереван тинчлик шартномаси лойиҳасидан Озарбойжон ва унинг эксклави Наҳичевонни боғловчи транспорт йўли (Бокудагилар «Зангезур йўлаги» деб атайди) ҳақидаги бандни чиқариб ташлади. Бу масала музокараларнинг кейинги босқичида муҳокама қилиш учун қолдирилган.
Боку ва Москва Озарбойжон ҳамда Наҳичевон ўртасидаги йўл Россия томонидан назорат қилинишини истайди, аммо Арманистон бунга қарши.
Арманистон ва Россия ўртасидаги келишмовчилик Иккинчи Қорабоғ урушидан кейин юзага келганди. Расмий Ереван Россия ва КХШТ (ОДКБ) уруш вақтида ўзига ёрдам қўлини чўзмаганидан норози. Арманистоннинг ғарб мамлакатларига қурол ва армияни тайёрлашда ёрдам сўраб мурожаат қилиши эса Россиянинг норозилигига сабаб бўлган. Расмий Москва Арманистон ҳудудида НАТО аъзоси бўлган мамлакатлар ҳарбийлари бўлишига тоқат қила олмайди.
Бу омиллар (шунингдек, Путин ва Арманистон бош вазири Никол Пашиня ўртасидаги шахсий адоват) сўнгги йилларда Россия ва Арманистонни бир-биридан йироқлаштирди.
Россия ва Арманистон ўзаро иттифоқчилар эканига қарамай, Владимир Путин у ерга бормайди, чунки Арманистон Халқаро жиноий суд қарорларини бажариш тўғрисидаги келишув аъзоси саналади. 2023 йил 17 март куни Халқаро жиноий суд Россия президенти Владимир Путинни ҳибсга олишга ордер берганди.
Ташрифнинг Эрон билан ҳам алоқадорлиги борми?
Россия президенти Владимир Путиннинг ташрифидан олдинроқ, 6 август куни Озарбойжонга Россия Хавфсизлик кенгаши котиби Сергей Шойгу ҳам келганди ва президент Илҳом Алиев билан учрашганди. У Бокуга Эрондан келди.
Сергей Шойгу Эронга Теҳронда Ҳамас етакчиси Исмоил Ҳания ўлдирилганидан бир ҳафта ўтиб борганди ва Бокудаги учрашувдан кейингина ватанига қайтди. Ташриф вақтида Шойгу Жанубий Кавказдаги тинчлик ва хавфсизлик масалалари тўғрисида ҳам гапирди, аммо у минтақа давлатларидан фақат Озарбойжонда бўлди.
Экспертлар ҳисоблашича, россиялик юқори мартабали мулозимнинг аввал Теҳронга, кейин Бокуга ташриф буюриши Эрон ва Исроил ўртасидаги эҳтимолий эскалация билан боғлиқ бўлиши мумкин. Таҳлилчи Фуад Шаҳбозовнинг фикрича, Россия Эрон ва Исроил ўртасида қуролли можаро бошланган тақдирда, Исроил Озарбойжон томонидан махфий равишда қўллаб-қувватланиши мумкинлигидан хавотирда.
Мавзуга оид
08:29 / 18.06.2026
Путинга яқин деб ҳисобланган бизнесмен қамоққа олинди
19:01 / 16.06.2026
Шавкат Мирзиёев Озарбойжон бош вазири билан ҳамкорлик масалаларини муҳокама қилди
10:45 / 16.06.2026
Зеленский Путинга G7 саммитида учрашув ўтказишни таклиф қилди
08:59 / 15.06.2026