Хитой компаниялари Россияга тўғридан тўғри товар етказиб беришдан бош тормоқда
Хитойлик етказиб берувчилар санкциялар туфайли Россиядан товарларни учинчи давлат орқали олиб чиқиб кетишни талаб қила бошлади.
Хитой ва Россия ўртасидаги савдо муносабатлари санкциялар туфайли мураккаблашмоқда: июл ўрталарида хитойлик етказиб берувчилар Россиядан товарларни учинчи давлат орқали олиб чиқиб кетишни талаб қила бошлади.
Аввало, бу ташқи иқтисодий фаолият бўйича тақиқдаги товарларга тааллуқли, масалан, электроника маҳсулотларига. Хитойдаги «Россия таянчлари» АЖ вакили Илон Гошенев-Долунцнинг сўзларига кўра, ушбу рўйхатга кирилмаган товарларнинг ҳам экспорти тақиқланганига боғлиқ ҳолатлар учраган.
«Импая Рус» тижорий компанияси директори Алексей Разумовскийнинг таъкидлашича, аввалига етказиб берувчилар бироз ён босган бўлса, ҳозирда вазият қийинлашган — айримлари харидорлардан бу қатъий талаб қилиняпти.
Хитой банклари орқали Россия компанияларидан тўловларни қабул қилиш имконига эга бўлмаган етказиб берувчилар товарларни учинчи давлатлар орқали қабул қилиб олишни сўрамоқда. Бундай етказиб берувчилар учун пул олишнинг ягона йўли — бошқа давлатлар орқалидир, шунинг учун товарлар у ерга жўнатилгани тўғрисида ҳужжатлар бўлиши керак.
Таъкидланишича, бизнес муқобил йўлларни қидирмоқда, аммо бу қўшимча харажатларни юзага келтиради — ўртадаги агентларнинг комиссияси ҳам қўшилади. Бу эса ўз навбатида товар таннархи ошишига, оқибатда импорт қилинадиган маҳсулотлар ҳажмининг қисқаришига олиб келади.
Хитой ва замонавий Осиё институти директори Павел Кузнецовга кўра, товарларни учинчи давлатлар орқали етказиш схемаси 2022 йилдаёқ ишлаб чиқилган. У Қирғизистондан импорт қилинаётган товарлар ҳажми уч баробарга, Қозоғистондан етказиб беришлар эса 1,5 баробар ортганига эътибор қаратган. Шунингдек, ушбу жараёнларда Жануби-Шарқий Осиё, Туркия ва Форс кўрфази давлатлари ҳам иштирок этмоқда.
Аввалроқ Россия нефт компаниялари асосий харидори — Хитойдан ўз баррелларига бўлган талабнинг кескин камайишига дуч келаётгани тўғрисида хабар берилган эди. Июл охирларига кўра, Россиядан Хитойга нефт етказиб бериш 7,4 фоизга тушиб кетган. Хитой божхона статистикасига кўра, суткасига 1,76 миллион баррел ҳажмдаги нефтнинг етказиб берилиши — камида ўтган йилнинг охиридан бери энг паст кўрсаткич ҳисобланади.
Мавзуга оид
21:33 / 20.12.2024
Виктор Орбан Россияга қарши санкцияларни узайтиришдан олдин Трампнинг инаугурациясини кутмоқчи
17:42 / 20.12.2024
АҚШ Туркияга санкциялар остидаги Газпромбанк орқали тўловларни амалга оширишга рухсат берди
17:13 / 20.12.2024
Хитой-Қирғизистон-Ўзбекистон темирйўли қурилишининг бошланиш санаси маълум бўлди
12:46 / 20.12.2024