Жаҳон | 19:55 / 24.08.2024
3907
2 дақиқада ўқилади

Бразилия АҚШ ва Канадага ўтишни режа қилган айрим осиёлик мигрантларнинг мамлакатга киришини чеклайди

Кейинги ҳафтадан Бразилияга кириш визаси йўқ сайёҳлар самолётдан тушмай сафарини давом эттириши ёки ўз ватанига қайтиб кетиши керак бўлади.

Фото: El Paso Matters

Бразилия АҚШ ва Канадага бориш мақсадида мамлакатга келаётган айрим Осиё давлатлари фуқароларининг ўз ҳудудига киришини чеклашни бошлайди. Бу ҳақда Бразилия Адлия вазирлиги матбуот хизматига таяниб CNN хабар берди.

Қайд этилишича, 26 августдан бошлаб кучга кирадиган чора-тадбирлар Бразилияга кириши учун виза талаб қилинадиган осиёлик мигрантларга тааллуқли.

Расмий ҳужжатларга кўра, федерал полиция томонидан ўтказилган терговлар давомида мигрантлар Сан-Паулу халқаро аэропортида тушиб қолиб, шимол томон сафарларини шу ердан бошлаётгани маълум бўлган. Аэропортдан бошпана сўраб йўлланаётган мурожаатларнинг 70 фоиздан ортиғи Ҳиндистон, Непал ёки Ветнам фуқароларига тегишли.

Адлия вазирлигига кўра, кейинги ҳафтадан визаси йўқ сайёҳлар самолётдан тушмай сафарини давом эттириши ёки ўз ватанига қайтиб кетиши керак бўлади. Янги тартиб-қоидалар ҳозирда Сан-Паулу аэропортида қолаётган 484 нафар мигрантга таъсир кўрсатмайди.

Ҳужжатларнинг бирида қайд этилишича, жорий йил бошидан 15 июлга қадар Бразилия федерал полициясига бошпана сўраб 9082 та мурожаат келиб тушган — бу 2023 йил давомида қайд этилган жами сўровлардан икки баробарга кўп ва охирги ўн йилликдаги энг катта кўрсаткич.

Бразилия ҳукуматига кўра, 2021 йил сентябридан 2024 йил апрелига қадар мамлакат 11 минг 248 нафар Афғонистон фуқаросига гуманитар виза берган. Мамлакат президенти Луис Инациу Лула да Силва 2023 йил январда, ҳокимиятга келганининг илк кунларидаёқ ўз мамлакатини хавфсиз, тартибли ва қонуний миграция бўйича Глобал шартномага қайтаришини маълум қилганди.

Фозилбек Юсупов
Тайёрлаган Фозилбек Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид