Россия ТИВ ҳибсдаги Павел Дуров олдига дипломатлар киритилишини талаб қилди
Қайд қилинишича, Франция бу талабларни жавобсиз қолдирган. Дуров Франция фуқаролигига эга.
Россиянинг Франциядаги элчихонаси 25 август куни Париж аэропортида қўлга олинган Telegram асосчиси Павел Дуров олдига консуллик ходимларини киритишни талаб қилди. Бу ҳақда Meduza ёзди.
«Ҳозирча Франция томони бу масала бўйича ўзаро алоқадан қочмоқда», дейилади элчихона баёнотида.
Россия ТИВ расмий вакили Мария Захарова «Россия 24» телеканалига берган интервюсида айтишича, дипломатлар Дуровнинг ҳибсга олингани ҳақида хабар топган заҳоти дарҳол француз томони билан боғланишган.
«Муаммо шундаки... Павел Дуров Франция фуқаролигига эга. Шунга кўра, Париж учун, Франция учун у биринчи навбатда ўз фуқароси», деди Захарова.
Россия элчихонасининг қўшимча қилишича, улар Павел Дуровнинг адвокати билан алоқада. Унинг манфаатларини француз адвокати ҳимоя қилмоқда.
Павел Дуров 25 август куни дастлабки суд маҳкамасида иштирок этади. Француз матбуоти хабарига кўра, Дуров терроризм, гиёҳвандлик, фирибгарлик, пул ювиш, ўғирланган товарларни сотиш ва болаларга нисбатан жинсий тажовуз билан боғлиқ жиноятларда, жумладан, Telegram бу жиноятларга оид контентни модерация қилмаганликда айбланиши мумкин. Унга 20 йиллик қамоқ жазоси таҳдид қилмоқда.
Павел Дуров бир неча давлат, хусусан, Россия, Сент-Китс ва Невис, Франция ва БАА фуқаролигига эга.
Мавзуга оид
19:23 / 02.11.2024
Белгия Telegram терговида Франция билан ҳамкорлик қилади
14:10 / 02.11.2024
Францияда уйсизлар орасида ўлимлар сони рекорд даражага етди
19:06 / 01.11.2024
Киберхавфсизлик маркази Telegram орқали тарқалаётган вируслардан огоҳлантирди
11:41 / 01.11.2024